Қашқадарё вилоятида Чироқчи ва Шаҳрисабз туманларини боғловчи дарёдаги сел кўприкни бузиб кетди. Бу ҳақда тармоқларда тарқалган видеога Чироқчи тумани ҳокимлиги муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, ҳолат Қашқадарё дарёси узан устидан ўтган кўприкнинг асос пойдеворини сел сувлари ювиши сабабли юзага келган. Кўприк Шаҳрисабз тумани ободонлаштириш бўлими ҳисобидаги ички хўжалик йўлларини боғлайди.

Маҳаллий аҳолининг Kun.uz`га хабар беришича, сел оқибатида йўлда транспорт ҳаракати тўхтаб қолган. Сел оқибатлари ва кўрилган зарар бўйича ҳозирча маълумот йўқ.

Маълумот учун, Ўзгидромет 3−6 май кунлари кучли ёмғирлар ёғиши ҳисобига тўққизта вилоятнинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида, жумладан, Чироқчида сел-сув тошқини ҳодисалари юз бериши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берганди.