Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Хидоятов пайшанба куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг энг кам миқдорлари жорий этилганига изоҳ берди.

Қурилиш ва УЖКХ вазирлиги раҳбарининг буйруғи билан 1 майдан бошлаб Ўзбекистонда ижара тўловларининг энг кам миқдорлари тасдиқланганди. Тошкентда улар бинонинг майдони ва қаватлари сонига қараб 1 кв метр учун 1147 сўмдан 1829 сўмгача бўлади.

Унга кўра, бошқарув компаниялари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари ижара ставкаларини энг кам миқдордан юқори белгилаши мумкин, лекин ундан паст бўлмаслиги керак.

«Нима учун биз минимал тарифни аниқладик? Бизда тадқиқот олиб борган лойиҳа институтлари бор. Масалан, бизда битта кириш эшиги мавжуд бўлган, икки, уч, тўртта кириш ва ҳоказо бўлган стандарт кўп қаватли бинолар бор. Қаватлар сони ва лифтнинг мавжудлиги ҳам ҳисобга олинади. Биз [нархларни] ажратдик ва минимал тарифларни аниқладик. [Бошқарув органи] нима деб ўйламасин, агар у [минимал тарифлардан] паст нархларни белгиласа, уйни [тўғри ҳолатда] сақлаб туролмайди. Юқори нархларни аҳоли билан келишган ҳолда аниқлаш мумкин», — деди Шерзод Ҳидоятов.

Унинг сўзларига кўра, бу «мажбурий чора», чунки уйлар ва биноларни тўғри ҳолатда сақлаш керак.

«Масалан, машиналаримизни яхши ишлатамиз, мойни ўз вақтида алмаштирамиз, ёнилғини ўз вақтида тўлдирамиз. Аммо уйларимизни ундан ҳам кўпроқ қадрлаймиз. Нега уйимизни тўғри парвариш қилмаслигимиз керак? Агар уни яхши сақласак, уйимизнинг қадри ҳамиша ошади», — деди у.

Вазирлик томонидан тасдиқланган тарифни белгилашда бошқарув органига кўрсатилиши шарт бўлган минимал иш ва хизматлар рўйхати ҳам тасдиқланган (3501-сонли буйруқ). Улар орасида:

  • кўп квартирали уйлардаги умумий фойдаланишдаги объектларни электр энергияси билан таъминлаш;
  • лифт ускуналарини техник мониторинг қилиш (ихтисослашган хизмат кўрсатувчи ташкилот билан шартномалар тузилган ҳолларда);
  • фасад ва кириш йўлакларини талаб даражасида сақлаш ва таъмирлаш (уйга кириш йўлаги эшик ва деворларини таъмирлаш, суваш, бўяш);
  • ертўлада ўрнатилган ичимлик суви насосларининг техник соз ҳолда бўлишини таъминлаш (қурилишда сув насосларини ўрнатиш лойиҳалаштирилмаган кўп квартирали уйлар бундан мустасно);
  • том қисмининг гидроизоляция қатламини тиклаш ва ямаш;
  • ертўладаги коммуникация тармоқлари, шахталардаги коммуникация тармоқлари, электр энергияси тармоқларини соз ҳолда сақлаш ва жорий таъмирлаш (бўяш, оқлаш, ямаш, умумий фойдаланишдаги электр кабелларини алмаштириш, тик ва ётиқ қувурларни, ичимлик суви қувурларини таъмирлаш ва бошқалар);
  • новларни соз ҳолатда сақлаш ва уларни доимий тозалаш ва бошқалар — рўйхатда жами 16 та банд мавжуд.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 1,4 миллион хонадондан ортиқ 42 057 та кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, улардан 38,7 мингта уйга 819 та бошқарув ташкилоти, 836 тасига 156 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизмат кўрсатади, 1130 таси ўзини ўзи бошқариш ва 1405 таси идора ва ташкилотлар балансида.

Таъкидланишича, республикадаги бошқарув ташкилотлари балансида 17 минг бирликдан ортиқ зарур техника ва жиҳозлар мавжуд бўлиб, уларда 11 мингдан ортиқ ишчи-хизматчи, жумладан, 2195 нафар бошқарувчи, 1851 нафар чилангар, 1517 нафар электр ва пайвандчи, 3142 нафар ободонлаштиришга масъул ходим ва 2332 нафар бошқа ишчи меҳнат қилмоқда.

Маълум қилинишича, 2023−2024 йилларда республика бўйича 5684 та кўп қаватли уйлар 278,6 миллиард сўмга таъмирланган: республика ва маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 176,2 миллиард сўм, бошқарув ташкилотлари ҳисобидан 75,1 миллиард сўм, ҳомийлик ҳисобидан 27,3 миллиард сўм.

2024/2025 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида бошқарув ташкилотларининг 5493 та кўп квартирали уйларини 126,6 миллиард сўмлик капитал таъмирлаш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар бу ишларнинг 20 фоизи бажарилди, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Қурилиш вазирлиги маълумотларига кўра, 30 апрель ҳолатига кўра, аҳолининг ижара тўловидан 207 миллиард сўм қарздорлиги мавжуд. «Дебитор қарздорликни ундириш тадбирлари давом этмоқда. Ҳозирги кунда тушум ўртача 95 фоизни ташкил этади», — дейилади хабарда.