Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 29 декабрдаги қарори билан пойтахтнинг 10 та кўчасида автоматлаштирилган йўл бўйи пуллик автотураргоҳлар ташкил этилишини маъқуллади.

«Газета.uz» ноябрь ойида Глинка, Братислава, Миробод, Авлиё ота, Тарас Шевченко, Саид Барака, Моштабиб, Фидокор, Содиқ Азимов ва Якуб Колас кўчаларида ташкил этилиши режалаштирилган автотураргоҳлар макетларини эълон қилганди.

Аввалроқ айтилганидек, жами йўл бўйи пуллик тўхташ жойлари сони 2251 та бўлиб, 57 та паркомат ўрнатилади. 2 та эвакуатор ва 2 та тўхташ жойи қоидалари ва йўл ҳаракати қоидалари бузилишини назорат қилувчи электрон тизим (паркон) ўрнатилган енгил автомобиллар харид қилинади. Келгусида пуллик автотураргоҳлар тизими қамрови кенгайтирилади. Имконияти чекланган ҳайдовчилар учун тўхташ жойларининг 5 фоизини ажратиш режалаштирилган ва улар учун тўхташ жойлари бепул бўлади.

Ҳоким имзолаган қарорда Kasy Park компаниясига давлат-хусусий шериклик шартномаси асосида 10 та марказий кўчада автотураргоҳлар ажратиш топширилди. Шартномага кўра, хусусий шерик бу ерда капитал кам қаватли бинолар ва ёрдамчи иншоотлар қуролмайди, автотураргоҳлар ва электромобилларни зарядловчи қурилмалар эса бундан мустасно.

Ер майдонлари ДХШ шартномасининг амал қилиш муддати — 10 йилга ижарага берилади.

Уч ой муддатда автотураргоҳларнинг электрон платформасини Ўзбекистон ИИВ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг «Маъмурий амалиёт» ва пойтахт ҳокимлигининг «Рақамли Тошкент» автоматлаштирилган комплекслари билан бирлаштириш бўйича топшириқ берилди.

Молия вазирлиги ҳузуридаги ДХШларни ривожлантириш агентлиги 22 август куни Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси ва Kasy Park ўртасида ДХШ тўғрисидаги шартномани давлат рўйхатидан ўтказди. Битим қиймати 891 млн сўмни ташкил этади.

пуллик тўхташ жойлари, тошкент

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридаги маълумотларга кўра, Kasy Park 2018 йил 7 мартда Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган. Асосий фаолият тури — ёғоч, қурилиш материаллари ва санитария-техник воситаларнинг улгуржи савдоси ҳисобланади. Устав капитали 10 млн сўмдан иборат.

Таъсисчилари OLDFOLK компанияси ва Фазилов Миродил Нигматджан ўғли, раҳбари эса Султонхўжаев Сарвар Анвар ўғли.

Миродил Фазилов Oazis Lux Investments (50%, Oazis меҳмонхонаси), Royal Central Development (100%, турар-жой бинолари қурилишига ихтисослашган), SD Big-Garden (25%, турар-жой бинолари қурилиши), Benchmark Distribution (100%, алкоголсиз ичимликлар ва пивонинг чакана савдоси), Paper World (100%, бошқа оралиқ маҳсулотларнинг улгуржи савдоси), Premium Paper (50%, нотурар жой ижараси ва бошқаруви) компанияларида акцияларга эга. 2021 йил июнь ойида у Тошкент марказидаги газета ишлаб чиқариш мажмуаси биносини 78 миллиард сўмга сотиб олган «Метро Плаза» компаниясига ҳаммуассис бўлган. Ҳозирда унинг улуши тадбиркор Мамасаидовлар оиласига ўтган.

Kasy Park`нинг иккинчи асосчиси OLDFOLK 2022 йил 4 августда 1 млн сўм устав капитали билан рўйхатдан ўтган. Унинг таъсисчилари Сарвар Султонхўжаев, Акмал Юсупов, Комронбек Амирсаидов ва Саидазим Қосимов (ҳар бири 25 фоиздн акцияга эга) ҳисобланади.

Аввалроқ «Газета.uz» Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Тошкент транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Мурод Обидовнинг пуллик автотураргоҳлар тизими қандай жорий этилиши ҳақидаги интервьюcини эълон қилганди. Пуллик автотураргоҳларни жорий этиш бўйича эксперт хулосалари ҳам оммага тақдим этилди. Унда мутахассислар муаммони комплекс ҳал этиш зарурлигини таъкидлашганди. Одамлар автомобилдан воз кечиши учун нормал жамоат транспорти бўлиши, машиналар ҳовлиларга кириб кетмаслиги ва, ниҳоят, аҳоли билан мулоқот тўғри йўлга қўйилиши керак, деган фикрни билдирганди экспертлар.