Тошкент шаҳрида автомобиль тураргоҳлари сонини камайтириш ва жамоат транспорти ривожланиши учун кўпроқ шароит яратиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 18 апрель куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Мурод Обидов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, барча мегаполис шаҳарларда транспортда ҳаракатланишга эҳтиёж ортиб бориши билан транспорт воситалари сони ҳам ошади ва марказий кўчаларда транспортларни қўйиш учун автотураргоҳлар етишайди.

«Бу катта шаҳарларда оддий ҳолат. Лекин, биз шаҳримиз аҳолисининг транспорт хизматларига бўлган эҳтиёжини сифатли тўла қондириш мақсадида жамоат транспортини устувор йўналиш деб белгилаб олганмиз. Автотураргоҳларни тартибга солиш ҳамда энг асосийси шахсий транспортда етиб олиш мумкин бўлган жойларга жамоат транспортини кафолатланган вақтда етиб бориши имкониятини яратиш бўйича ишлар олиб борилаяпти», — деди у.

Мурод Обидовнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида ер — чекланган ресурс.

Мурод Обидов.

«Бу ерда эрталабдан кечгача кимнидир транспорти туриши — шаҳарнинг қолган аҳолисининг умумий фойдаланиш ерини банд қилиб туради. Ер кўпчиликка тегишли бўлган ҳудудми, бу ҳудудга транспортдан камроқ зарар етказишимиз керак. Ҳозир кўпроқ транспорт тартибсиз қўйилган автотураргоҳлар олдини жамоатчилик ҳудудларига айлантириш масаласи кўриб чиқилаяпти. Мавжуд автотураргоҳларни тартибга соламиз», — деди мутахассис.

«Шаҳар марказий кўчаларида 2−1,5 та «полоса»ни банд қилган автотураргоҳлар бор. Тошкент шаҳрини 10 марказий кўчасида эксперимент сифатида йўл бўйи автотураргоҳларини тартибга солинадиган янги тизим ишлаб чиқилади. Шахсий транспортдан кўра жамоат транспортидан фойдаланиш [бўйича] тарғибот олиб борамиз. Тошкент шаҳрида ер йўқ… Ерни энг самарасиз фойдаланиши эрталабдан кечгача кимнидир транспорти туриши ҳисобланади. Хорижий тажрибадан, хоҳлаган давлатни олиб қаранг, битта транспорт воситаси эрталабдан кечгача туриши учун жуда катта маблағ тўлаш керак бўлади», — дея таъкидлади вазирлик вакили.

Мурод Обидов битта кўчани 100 метр майдонини банд қилиб турадиган одамлар битта автобусга сиғишини қайд этди.

«Ундан кейинги устуворлик велотранспортга. Агар ҳамма йўлимизни автотураргоҳларга бераверадиган бўлсак, велотранспортларга йўлни оча олмаймиз. Ер ресурсларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, автотураргоҳларни камайтириб, жамоат транспортидан фойдаланиш қулайлиги, жозибадорлигини ошириб, [йўловчиларни] бу ёққа ўтказишга ҳаракат қиламиз», — деди у.

Тошкентда 2025 йилгача 11 та кўчада тезюрар автобуслар ҳаракати учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш режалаштирилган. Ҳозирда фақат Фарғона йўли кўчасида автобуслар юриши учун мўлжалланган, бироқ машиналар ҳам юраверадиган йўлак мавжуд. Транспорт бошқармаси раҳбари Анвар Жўраев камералар ўрнатган ҳолда йўлакларнинг автомобиллардан ҳолилиги таъминланишини маълум қилди.