Сергели туманида содир бўлган фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар кўрган аҳолидан пул ундириш ниятида бўлган шахслар аниқланди, дея хабар қилди Тошкент шаҳар ҳокимлиги.

Ҳокимлик таъмирлаш ишлари бепул амалга оширилаётганини эслатиб ўтди.

«Ҳурматли жабр кўрган юртдошлар! Барча ишлар сиз учун бепул равишда бажарилмоқда, ноинсоф шахсларнинг гапларига ишониб, алданиб қолманг!», — дейилади хабарда.

Аввалроқ бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов уйларига етказилган зарар давлат ҳисобидан қоплаб берилаётгани, тергов ва суд ишлари якунига етгач, таъмирлаш учун захирадан ишлатилган пуллар айбдорлардан суд орқали ундириб олинишини маълум қилди.

Сергелидаги портлаш

2023 йилнинг 28 сентябрь куни соат 02:43 да Тошкент шаҳри Сергели тумани Хонобод кўчаси 3-уй манзилида жойлашган Inter Logistics МЧЖга қарашли 18,4 гектар ер майдонда жойлашган омборхонада тахминан 10 000 кв. метр майдонда ёнғин келиб чиққан. Ёнғин сабаб омборхонада кучли портлаш содир бўлди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, ўт ўчирувчилар ёнғинни 8 соат давомида ўчирган. ФВВ ва бошқа тегишли ташкилотлардан жами 210 та техника ва 2000 дан ортиқ шахсий таркиб жалб қилинган.

Портлаш зарба тўлқини натижасида омборхона атрофида жойлашган бир нечта кўп қаватли уйларга, биноларга ҳамда транспорт воситаларига шикаст етган. 163 нафар фуқаро жароҳатланган.

Портлашда 2006 йилда туғилган вояга етмаган фуқаро олган жароҳати оқибатида вафот этгани маълум бўлди.

Ҳолат бўйича ИИВ Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.

Президент топшириғига кўра, бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилди. Ҳукумат комиссиясига уч кун муддатда Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги омборхонада содир бўлган портлаш сабабларини ўрганиш, талафотларни бартараф этиш ҳамда фуқароларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш вазифаси топширилди.