Ижтимоий тармоқларда Сергели туманида рўй берган портлаш туфайли аҳоли уйларига етказилган зарарнинг давлат ҳисобидан қоплаб берилаётгани турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов бунга жавобан давлат ҳисобидан ишлатилган пуллар айбдорлардан ундириб олинишини маълум қилди.

Фуқаролик ва жиноят қонунчилиги бўйича хусусий тадбиркорнинг ноқонуний ҳаракатлари оқибатида бошқа шахсларга етказилган зарарни давлат эмас, балки айбли ҳаракат содир қилган тадбиркорнинг ўзи қоплаб бериши керак.

Бекзод Ҳидоятовнинг ёзишича, процессуал қонунчиликка кўра, содир бўлган ёнғин оқибатида етказилган зарар бўйича айбдорларни аниқлаш ва уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда зарар қоплаш бўйича тергов ҳаракатлари ва суд жараёни кўп вақт талаб этади.

Бугунги кунда ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлиги томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Президентимиз Шавкат Мирзиёев ана шу жиҳатларни инобатга олиб, ёнғин оқибатида хонадонларига талофат етган фуқароларни совуқ тушмасдан тезроқ уйларига киритиш бўйича ҳукумат олдига қатъий топшириқ қўйганлар ва унинг ижросини шахсан ўзлари доимий назорат қилиб турибдилар. Бундан ташқари, Конституциямизнинг 23-моддасида давлат ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлаши белгиланган», — дея қайд этди бош вазир матбуот котиби.

Унинг таъкидлашича, тергов ва суд жараёнлари якунига етгунига қадар таъмирлашга керак бўладиган маблағлар захира жамғармасидан ишлатиб турилибди.

«Шуни алоҳида қайд этмоқчиман, тергов ва суд ишлари якунига етгач, таъмирлаш учун захирадан ишлатилган пуллар тийин-тийинигача айбдорлардан суд орқали ундириб олинади», — дейди Бекзод Ҳидоятов.

Ҳозирча портлаш оқибатида етган зарар миқдори эълон қилинмади.

Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзоқовнинг маълум қилишича, Сергели туманидаги портлаш оқибатида 592 та хонадон, 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та боғча биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етган.

Сергелидаги портлаш

2023 йилнинг 28 сентябрь куни соат 02:43 да Тошкент шаҳри Сергели тумани Хонобод кўчаси 3-уй манзилида жойлашган Inter Logistics МЧЖга қарашли 18,4 гектар ер майдонда жойлашган омборхонада тахминан 10 000 кв. метр майдонда ёнғин келиб чиққан. Ёнғин сабаб омборхонада кучли портлаш содир бўлди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, ўт ўчирувчилар ёнғинни 8 соат давомида ўчирган. ФВВ ва бошқа тегишли ташкилотлардан жами 210 та техника ва 2000 дан ортиқ шахсий таркиб жалб қилинган.

Портлаш зарба тўлқини натижасида омборхона атрофида жойлашган бир нечта кўп қаватли уйларга, биноларга ҳамда транспорт воситаларига шикаст етган. 163 нафар фуқаро жароҳатланган.

Портлашда 2006 йилда туғилган вояга етмаган фуқаро олган жароҳати оқибатида вафот этгани маълум бўлди.

Ҳолат бўйича ИИВ Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.

Президент топшириғига кўра, бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилди. Ҳукумат комиссиясига уч кун муддатда Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги омборхонада содир бўлган портлаш сабабларини ўрганиш, талафотларни бартараф этиш ҳамда фуқароларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш вазифаси топширилди.