Тошкент шаҳри Сергели тумани «Қурувчилар» даҳасида жойлашган омборхонада рўй берган портлаш оқибатида 163 киши жароҳатланган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Шундан жами 24 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Тошкент вилояти филиали, Тошкент шаҳри тез тиббий ёрдам шифохонаси, 1-сонли Республика ва 1-сонли шаҳар клиник шифохоналари ҳамда 1-сонли шаҳар туғуруқхонасига ётқизилган. Тошкент шаҳри Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Нодир Сотволдиев уларнинг аҳволи ўртача оғирликда эканини билдирди.

Қолган 138 нафар жабрланган аҳоли вакилининг саломатлиги яхши бўлганлиги учун амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган, дейилади хабарда.

Аввалроқ «Газета.uz» Тошкентнинг Сергели туманидаги омборхонада юз берган кучли портлаш оқибатида 11-синф ўқувчиси ҳалок бўлганини аниқланганди.

Айни пайтда юқоридаги шифохоналарда даволанаётган беморлар орасида ўта оғир тан жароҳати олганлар йўқ. Уларнинг саломатлиги қониқарли, дея таъкидлади вазирлик.

Беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун хирург, травматолог, нейрохирург, невропатолог, юз-жағ жарроҳи, акушер-гинеколог каби мутахассислар жалб қилинган.