Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги «Қурувчи» даҳасида кучли портлаш содир бўлган омборхонадаги ёнғинни ўчириш ишлари 8 соат давом этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлик маълумотларига кўра, соат 02:43 да ёнғин содир бўлгани тўғрисида ФВБга хабар тушган. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 02:48 да ёнғинга етиб бориб, соат 05:02 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 10:47 да батамом ўчирилган.

Ёнғинни ўчиришга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа ташкилотлардан жами 210 та техника ва 2000 дан ортиқ шахсий таркиб (жумладан, Мудофаа вазирлигининг вертолёти) жалб қилинган. Дастлабки ўрганиш ишларига кўра, 15 минг кв.м омборхона майдонида ёнғин ўчирилиб, 30 минг кв.м майдони сақлаб қолинди, дейилади хабарда.

Президент топшириғига кўра, бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилди. Воқеа жойига бош вазир Абдулла Арипов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Тошкент шаҳри ҳокимлиги, прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Божхона қўмитаси ва бошқа идоралар раҳбарлари етиб келган.

Портлаш тўлқини омбор атрофида жойлашган бир нечта турар жойлар, бино ва транспорт воситаларига зарар етказди, шунингдек, фуқаролар жароҳат олди (Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 163 киши жароҳатланган, 2006 йилда туғилган бир ўсмир вафот этган).