Тошкент шаҳрининг Сергели туманида юз берган портлаш бўйича жиноий иш қўзғатилди, дея хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ИИВ Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

«Ҳозирда жиноят иши юзасидан тегишли идораларнинг мутахассисларидан иборат тергов-тезкор гуруҳи тузилган бўлиб, ёнғин келиб чиқиш сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тегишли экспертизалар тайинланган ҳамда кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 28 сентябрь куни соат 02:43 да Тошкент шаҳри Сергели тумани Хонобод кўчаси 3-уй манзилида жойлашган Inter Logistics МЧЖга қарашли 18,4 гектар ер майдонда жойлашган омборхонада тахминан 10 000 кв. метр майдонда ёнғин келиб чиққан. Ёнғин сабаб омборхонада кучли портлаш содир бўлди.

Портлаш зарба тўлқини натижасида омборхона атрофида жойлашган бир нечта кўп қаватли уйларга, биноларга ҳамда транспорт воситаларига шикаст етган. 163 нафар фуқаро жароҳатланган.

Портлашда 2006 йилда туғилган вояга етмаган фуқаро олган жароҳати оқибатида вафот этгани маълум бўлди.

Ҳодиса тафсилотларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган.