Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасида умумий қиймати 3,5 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи 2025−2027 йилларга мўлжалланган мамлакат дастурини амалга ошириш бўйича меморандум имзоланди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Имзолаш «Келажак сари кўприк» шиори остида 4−5 май кунлари Тбилисида (Грузия) бўлиб ўтган ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 57-йиллик йиғилиши доирасида бўлиб ўтди. Ўзбекистон делегациясига бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилик қилди.

Ҳужжатни инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабаев ҳамда ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков имзолади.

Дастурга киритилган лойиҳалар «Ўзбекистон — 2030″ тараққиёт стратегияси билан ҳамоҳангдир», — дейилади вазирлик хабарида. Лойиҳалар сони кўрсатилмаган.

отб

ОТБнинг Тошкентдаги ваколатхонаси матбуот хизмати «Газета.uz» сўровига жавобан банк ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан келгуси йиллар учун ривожланиш лойиҳалари тахминий белгилаб қўйилгани ҳамда ўрта муддатли мақсадлар ҳар йили таҳлил қилиниб, янгиланиб борилаётганини таъкидлади.

«Банкнинг мақсади Ўзбекистонда энергетика, транспорт, сув таъминоти ва шаҳар инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги ва табиий ресурсларни бошқариш, молия, давлат сектори ва бошқаруви, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ривожланиш лойиҳаларини молиялаштириш, билим ва инновацион ечимларни қўллаб-қувватлашдан иборат», — дея таъкидлади ОТБ.

Аввалги дастурда 2022−2024 йилларда умумий қиймати 2,8 миллиард долларлик 27 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилганди.

Ўзбекистон 1995 йилда ОТБга аъзо бўлган. 1998 йилда ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилган. Банк томонидан Ўзбекистон суверен портфелига тақдим этган маблағларнинг умумий ҳажми 12 миллиард долларга етди. Ўтган йили ОТБ 4 та суверен лойиҳа ва 2 та дастурга 6 та кредит ва 1 та грант ажратди.