Душанба куни Тошкент халқаро аэропортининг ўз такси хизмати йўлга қўйилганидан сўнг ноқонуний такси ҳайдовчилари бир қанча провокациялар уюштиришди, деб хабар қилди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

12 сентябрь куни такси ҳайдовчиларидан бири аэропорти ҳудудига киритмагани учун қоровулни урган. 14 сентябрь куни эса такси ҳайдовчилари аэропорт раҳбариятидан ўзларига бепул тўхташ жойи ташкил қилишни ёки фаолиятини давом эттиришлари учун аэропорт олди майдонга киритишларини талаб қилиб, расмий такси хизмати автомобилларининг терминалига киришини тўсиб қўйган.

«Аэропорт ходимлари бу масалада қатъий бўлиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига қўнғироқ қилиб, такси ҳайдовчиларига нисбатан чора қўллаш ва аэропорт кўчасида жамоат тартибини таъминлаш бўйича ариза ёзишган», — дейилади хабарда.

«Аэропортларда такси ҳайдовчилари билан боғлиқ муаммо дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлган ва ҳозир ҳам мавжуд. Ўта қиммат нархлар, қўпол ҳайдовчилар, эски ва аксарияти, қоидага кўра, аэропортда тақиқланган газда юрадиган машиналар. Улар йўловчилар қўлларидан тутиб олиб, алдаб, ўзларини одобсиз тутадиган «бомбил»лардир», — дея изоҳ берди Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

«Биз бундай машиналарнинг тўғридан-тўғри учиб келиш терминали зинапоясигача ҳаракатланишига рухсат бера олмаймиз. Бу нафақат мамлакатнинг салбий имиджи, балки йўловчилар хавфсизлигига таҳдид ҳамдир. Муаммонинг ягона ечими — расмий такси хизматига ўтиш — бу жаҳон амалиёти», — деди у.

Компания раҳбарининг алоҳида таъкидлашича: «Аэропортдаги расмий такси шаҳардаги такси каби бўлмаслигини тушуниш керак, чунки у ҳеч бўлмаганда бензинда ишлайди, юқори хизмат кўрсатади ва фақат аэропортга хизмат қилади. Бироқ, шу билан бирга, биз йўловчиларни танлашда чекламаймиз. Том маънода 100 метрдан кейин сиз бошқа ҳар қандай таксига ўтиришингиз мумкин».

Вақт ўтиши, йўловчилар оқими ўсиб бориши билан, сўзсиз, такси хизматларини кўрсатадиган яна бир, балки бир нечта компанияни танлаш керак бўлар. Шу билан бирга, аэропортда расман фаолият юритаётган такси хизматига қўйиладиган талаблар ҳамиша хавфсизлик даражасини ҳам, хизмат кўрсатиш даражасини ҳам инобатга олган ҳолда қатъий бўлади, дея давом этди Раъно Жўраева.

««Бомбил» деб аталган нарсага келсак, албатта, бу масала бир кунда ҳал бўлиб қолмайди. Айрим ОАВлар эҳтимол Тошкент аэропортида энди «бомбил»лар бўлмайди деган сарлавҳалар билан шошиб қўйишгандир. Афсуски, улар бор ва ҳали бир муддат бўлади. Лекин биз улар билан нафақат Тошкентда, балки вилоятларда ҳам охиригача курашиш ниятидамиз. Муҳими, ҳозир биз ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўллаб-қувватланяпмиз. Аэропортнинг бир ўзи бу муаммони еча олмайди», — дея қўшимча қилди компания бошқаруви раиси.

Аэропортнинг расмий такси хизматлари E-auksion.uz платформасида очиқ савдолар орқали танлаб олинган ва техник топшириқда кўрсатилган барча талабларга жавоб берадиган Bobur Diyor томонидан амалга оширилади, дея такрорлади компания.

taxi airport, раъно жўраева, тошкент халқаро аэропорти

Янги Taxi Airport Tashkent бренди остидаги автомобиллар фақат бензинда ҳаракатланади, юкхоналари кенг ва бевосита келиш терминалининг чиқиш жойида туради. Агар йўловчи расмий такси хизматидан фойдаланишни истамаса, бошқа таксини йўлга ёки биринчи 10 дақиқаси бепул бўлган тўхташ жойига чақириши мумкин, дея эслатди Uzbekistan Airports.

«Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида яқин кунларда йўл бўйлаб бу ер такси ва йўловчилар учрашадиган жой эканлигини билдирадиган катта ёруғлик таратувчи белги пайдо бўлади», — дейилади хабарда.

«Газета.uz» душанба куни аэропорт такси хизмати тарифлари ва реконструкциядан сўнг очилган автотураргоҳ ҳақида ёзган эди.