22 февраль куни Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан транспорт вазири лавозимига маъқулланган Илҳом Маҳкамов Uzbekistan Airways компанияси бошқарув раиси этиб тайинланди. «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбаси хабар беришича, у иккита лавозимни бирлаштиради.

Илҳом Маҳкамов (1979 йилда туғилган, Тошкент автомобиль йўллари институти ҳамда президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиш академиясини тамомлаган) 2020 йилнинг октябридан бошлаб транспорт вазири вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келаётган эди. Маҳкамов унга қадар вазирнинг биринчи ўринбосари бўлган.

2018 йилнинг январидан бошлаб Uzbekistan Airports компаниясига Баҳтиёр Ҳакимов раҳбарлик қилаётган эди.

Фото: s7space.ru.

Uzbekistan Airports компанияси бошқарув раиси этиб Раъно Фрунзевна Жўраева тайинланди. Душанба куни бош вазир Абдулла Арипов уни компания раҳбари сифатида таништирган, дея тасдиқлади «Газета.uz»нинг Вазирлар Маҳкамасидаги манбаси.

Бунга қадар Раъно Жўраева 2019 йилнинг 31 мартидан бошлаб «С 7 Космик Транспорт Тизимлар» (S7 Space) МЧЖнинг бош директори лавозимида ишлаган.

У S7 Group авиация-космик холдингига қадар, «Роскосмос»нинг «Ер усти космик инфратузилмаси объектларини эксплуатация қилиш маркази»ни [ЦЭНКИ] бошқарган. Унга қадар эса транспорт соҳаси лойиҳаларини ривожлантириш, қолаверса, «Airport Management Company Ltd» бизнесни ривожлантириш бўйича директор сифатида Домодедово аэропорт комплексини ривожлантиришга доир лойиҳалари билан шуғулланган.