26 январда Вазирлар Маҳкамасининг «Авиаспоттингни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [43-сон] қарори қабул қилинди. Ҳужжат 1 майдан бошлаб Ўзбекистондаги халқаро аэропортларда авиаспоттинг — белгиланган тартибга асосан аэропортларда ҳаво кемалари ҳаракатини ҳамда парвозини кузатиш, шунингдек, уларни профессионал ва ҳаваскорлар (авиаспоттерлар) томонидан фото, видео тасвирга олишга рухсат беради.

Қарорда қайд этилишича, ҳужжат «Ўзбекистоннинг ижобий имижи, туристик салоҳияти ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш, мамлакат аэропортлари ва авиакомпанияларини дунё жамоатчилигига танитиш мақсадида» қабул қилинган.


Тошкент аэропортидаги биринчи расмий авиаспоттинг, 2021 йил 22 октябрь. Фото: Uzbekistan Airports.

Ҳужжатга мувофиқ, республикадаги барча халқаро аэропортлар ҳудудида уларнинг бошқарув шаклидан қатъи назар, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда парвозлар хавфсизлиги талаблари, Халқаро авиация ташкилоти (ИКАО) тавсиялари ва илғор хорижий тажриба ҳисобга олинган ҳолда, авиаспоттинг машғулотлари учун ихтисослаштирилган жойлар босқичма-босқич ажратилади.

1 майга қадар биринчи босқичда — Тошкент ва Самарқанд халқаро аэропортларида, 1 июлдан бошлаб — қолган барча аэропортлар ҳудудида авиаспоттинг билан шуғулланиш учун кузатиш майдончаларини тўлиқ фаолият кўрсатиши керак.

Ўтган йилнинг 29 сентябрида «Газета.uz» авиаспоттинг нималиги ва одамлар нима учун самолётларни суратга олиши ҳақида катта материлни эълон қилганди. Ўзбекистоннинг таниқли авиаспоттерлари ўзининг кўп йиллик машғулотлари ҳақида, қолаверса, кўплаб давлатларда профессионаллар ва хаваскорлар самолётларни бемалол суратга олиши мумкинлиги, Ўзбекистонда эса бу ануз тақиқланиб келинаётганини сўзлаб беришганди.

Орадан бир ойдан камроқ вақт ўтиб, 22 октябрь куни Uzbekistan Airports Тошкент аэропортида биринчи расмий авиаспоттингни ташкиллаштирди. Самолёт ва вертолётларни суратга олиш жараёнида 15 дан ортиқ споттерлар ва авиация мавзусида ёзувчи блоггерлар қатнашди. Uzbekistan Airports «Газета.uz»да эълон қилинган материалдан кейингина споттинг ўтказиш ғояси туғилганини маълум қилганди.


Фото: Uzbekistan Airports.

Uzbekistan Airports бошқарув раиси Раъно Жўраева: «Ўтган йилнинг 22 октябрь куни Ўзбекистон тарихидаги илк расмий споттингни ўтказганимизда, уч ойдан кейин авиацияга меҳр қўйган инсонлар учун вазият бу қадар кескин ўзгаришини тасаввур қилиш қийин эди. Агар илгари аэропортдан километр узоқликда туриб ҳам самолётларни суратга олиш тақиқланган бўлса, энди аэропортлар эшикларини очиб, дўстона муносабатда бўлади».

«Ўзбекистонда авиаспоттерларни юқори даражада қўллаб-қувватланаётганидан жуда хурсандман. Ҳамма мамлакатларда ҳам қонунчилик базасида бундай ҳужжатлар мавжуд эмас. Бу мамлакат имижи ва туризмни ривожлантириш учун жуда катта қадамдир. Ушбу муҳим ҳужжатни ишлаб чиқишда Узбекистан Аирпортс компанияси ҳам ўз ҳиссасини қўшганидан бошим кўкка этти. Энди бизнинг вазифамиз — бошқа идоралар билан ҳукумат қарорида белгиланган барча ишларни биргаликда амалга оширишдан иборат», — деди у.

Ҳукумат қарори билан 1 февралга қадар авиаспоттинг билан шуғулланиш учун кузатиш майдончаларини ва тегишли инфратузилмани ташкил қилиш мақсадида халқаро аэропортларга туташ ҳудудлар белгиланади.

Кузатув майдончалари аэропортларнинг ўз молиявий ресурслари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар, уларга туташ ҳудудларда эса — хусусий сектор жалб қилинган ҳолда маҳаллий бюджетлар маблағлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Фото: Uzbekistan Airports.

Транспорт вазирлигига Туризм ва спорт вазирлиги, ИИВ билан бирга авиаспоттерларни кузатиш майдончаларига киритиш ва улар томонидан аэропортлар ички тартибига риоя этилиши регтаментини тасдиқлаш, ўта муҳим рейслар парвозлари вақтида кузатиш майдончаларига киритишни келишиш, видеокузатув тизимини ташкил қилиш ва унга халқаро аэропортлар авиация хавфсизлигини улаш вазифаси топширилди.

1 майдан бошлаб хорижий авиаспоттерлар жалб қилинган ҳолда маҳаллий ҳаваскорлар ва профессионал споттерлар учун ҳар чоракда мавсумий танловлар, шунингдек, ҳар йилги танловлар ташкил этилади.

Таҳририятдан

«Газета.uz» 2016 йилнинг январидан маҳаллий авиакомпания (ҳозирда Uzbekistan Airways) самолётларида суратга олиш ва видео тавсирга тушириш тақиқланганини эслатмасдан ўтолмайди. У бекор қилингани ҳақида ҳалигача хабар берилмади.

Йўловчиларга аэропорт трапи, самолёт ва инфратузилмаси фонида суратга олиш тақиқланган. Ўтган йили ёзда депутат Расул Кушербаев аэропортда «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг йўловчи самолёти фонида расмга тушмоқчи бўлганида йўловчиларга объект стратегик аҳамиятга эга эканлиги сабабли расмга тушиш мумкинмаслигини билдиришган. У мазкур тартибни «замондан ортда қолган, нопрофессионалларнинг ўйлаб топган яна бир кулгили тақиқи» деб атаганди.

Шунга қарамасдан, сўнгги йилларда аэровокзаллар ҳудудида суратга олиш тақиқланмаяпти. Uzbekistan Airports матбуот хизмати тақиқ мавжуд эмаслигини тасдиқлади. Йўловчилар бинонинг ички ва ташқи қисмида, қолаверса, терминал ойналаридан самолётларни бемалол суратга олиши мумкин. Текшириш ва назорат қилиш ҳудудлари бундан мустасно.

Ўтагр йили апрелда президент аэропортларга, шунингдек, темир йўл ва автобус бекатларига киришни соддалаштириш тўғрисида қарор қабул қилганди. Бироқ, кириш ҳануз чекланганича қолмоқда.