Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Тошкент халқаро аэропорти ҳудудига таксиларни олиб кириш билан боғлиқ вазиятни ўрганиш натижаларини маълум қилди.

Қўмита 2022 йил сентябрь ойида ягона такси хизмати (Bobur Diyor) ишга туширилгандан сўнг аэропортда тўхташ жойлари тўлови оширилгани ва бошқа ташувчиларнинг киришига «сунъий тўсиқлар қўйилгани» сабабли истеъмолчилардан шикоятлар келиб тушганини билдирди.

Такси оператори Uzbekistan Airports томонидан аукцион натижаларига кўра танланган. Бошқа такси хизматлари, шу жумладан, агрегаторлар (MyTaxi, Яндекс Go ва бошқалар) орқали ишлайдиганлар йўловчиларни тўхташ жойидан ёки унинг ташқарисида олиб кетишлари мумкин.

Рақобат қўмитаси Uzbekistan Airports`нинг хатти-ҳаракатлари қонунбузарлик эканини маълум қилди. Хусусан, терминалга кириш учун фақат битта компания учун шарт-шароит яратилган бўлиб, лицензияга эга бўлган ва Uzbekistan Airports талабларига жавоб берадиган бошқа хизмат кўрсатиш автомобиллари киритилмайди.

Bobur Diyor`дан тўлов ундирилмайди, қатъий йўл тарифлари қўлланади ва ҳар қандай нарх ўзгариши Uzbekistan Airports билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Аэропорт парковкаларида тўхташ учун тўловлар миқдорининг ошиши қўмита томонидан рақобатни чеклаш сифатида баҳоланди. Бир соатлик тўхташ нархи (биринчи 10 дақиқа бепул) терминал яқинидаги тўхташ жойларида соатига 10 000 сўм, ундан узоқроқдаги тўхташ жойларида эса 5000 сўм.

Амалдаги «Табиий монополиялар тўғрисида»ги қонунга кўра, бундай мақомга эга бўлган компаниялар табиий монополия доирасига кирмайдиган бозорларда рақобатни чеклаш учун ўз мавқеидан фойдаланмаслиги керак.

Бундан ташқари, «Рақобат тўғрисида»ги қонунга кўра, рақобат муҳитини чеклаган ҳолда хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятини мувофиқлаштириши тақиқланади, дейилади қўмита хабарида.

2022 йил 23 декабрда Рақобат қўмитаси Uzbekistan Airports`га қуйидаги мажбурий кўрсатмалар берган:

  • тегишли талабларга мос келувчи ва белгиланган тартибда лицензияга эга бўлган такси хизматини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар автомобилларининг киритилишига тенг шарт-шароит яратиб берилишини таъминлаш;
  • йўловчилар ва багаж ташувчи такси хизматини ташкил этиш учун «техник топшириқ»дан, унга тегишли жойни ижарага бериш шартномасидан йўловчиларни ташиш учун қатъий белгиланган тарифлар қўлланилиши ҳамда тарифлардаги ҳар қандай ўзгаришлар Uzbekistan Airports»АЖ билан келишилган ҳолда амалга оширилиши бандларини чиқариб ташлаш;
  • йўловчилар келиш терминали ёнидаги махсус йўлнинг биринчи қаторида такси хизматини кўрсатувчи бошқа хўжалик юритувчи субъектлар мавжудлиги тўғрисида истеъмолчиларни хабардор қилинишини таъминлаш;
  • аэропорт ҳудудига яқин жойлардаги автотураргоҳлар учун тўлов миқдорини қайта кўриб чиқиш.

Қўмита қарори ва кўрсатмасидан норози бўлган Uzbekistan Airports Тошкент шаҳри туманлараро маъмурий судига мурожаат қилган.

Суднинг 28 мартдаги қарори билан Uzbekistan Airports`нинг апелляция шикояти қаноатлантирилмаган, қўмита қарори ва кўрсатмаси ўзгаришсиз қолган. Иш Тошкент шаҳри маъмурий судининг апелляция инстанцияси томонидан ҳам кўриб чиқилиб, 12 июнь куни шикоят рад этилган.