Uzbekistan Airports компанияси пойтахт аэропортида йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида Тошкент-2 халқаро терминалига олиб борадиган эстакада бўйлаб автомобиллар ҳаракатига рухсат бермоқда. «Газета.uz» мухбири таништирув маросимида иштирок этди.

Эстакада бўйлаб автотранспорт ҳаракати 2021 йилнинг 10 июль куни синов режимида бошланади.

Эстакада майдони — платформанинг умумий узунлиги — 110 м, кенглиги — 9,5 м — барча автотранспорт воситаларини киритишга имкон бермайди, дея қайд этди компания вакили. Шунинг учун синов даврида биринчи даражали учиш терминалига Тошкент Халқаро аэропорти билан шартнома тузган лицензияли таксилар, Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги аризалари асосида сайёҳлик автобуслари ва микроавтобуслари ҳамда VIP ва Business Lounge орқали хизмат кўрсатиладиган хорижий делегациялар автотранспорт воситаларининг кириши учун очиш режалаштирилмоқда.

Эстаканинг кириш қисмига бўш жойлар мавжуд бўлганда очиладиган иккита автомат шлагбаум (ҳар бир йўлакка), йўл тўсиқлари (антитаран), бўш жойлар бор-йўқлиги ҳақидаги маълумотни кўрсатиб турадиган табло, ёт жисмларни аниқлаш учун автотранспорт сканери (ҳар бир йўлакка) ҳамда навбатчи оператор учун автоматлаштирилган назорат кузатув пункти ўрнатилган.

Эстакада узунлиги бўйлаб видеокузатув камераларидан иборат интеллектуал тизим ўрнатилган бўлиб, транспорт воситасининг давлат рақами, уларнинг турини аниқлаш, уларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини назорат қилишга имкон беради. Шунингдек, аэропорт олдидаги майдонда замонавий автоматлаштирилган автотураргоҳ тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ерда автомобиль рақам белгиларини таниш технологиялари ҳамда автотураргоҳ хизмати учун нақд ёки нақдсиз шаклда тўловни амалга ошириш учун автоматлаштирилган терминаллардан фойдаланилади.

Тошкент-2 халқаро терминалига эстакада орқали кириш қоидалари

  1. Эстакаданинг биринчи йўлаги сайёҳлик автобус ва микроавтобуслари учун мўлжалланган.
  2. Эстакаданинг чап йўлаги таксилар киришига мўлжалланган.
  3. Сайёҳлик автобус ва микроавтобуслари учун эстакадага бепул кириш ва йўловчиларни туширишга 10 дақиқа вақт берилади, ортиқча қолган ҳар 10 дақиқа учун тўлов олинади.
  4. Таксилар учун эстакадага бепул кириш ва йўловчиларни тушириш вақти 5 дақиқадан ошмайди, ортиқча қолган кейинги ҳар 5 дақиқа учун тўлов олинади.
  5. Эстакаданинг чап ва ўнг йўлакларини ажратиб турган сариқ чизиқли майдонда тўхташ тақиқланади ва жарима солинадиган қоидабузарлик ҳисобланади.

Тошкент халқаро аэропорти директори Мирзоҳид Турсуновнинг таъкидлашича, эстакадада бир вақтда 30 тагача енги автомобиль ёки сайёҳлик автобусларини ҳисобга олганда 17 тагача енгил автомобиль бўлиши мумкин. «Биз бу кичик миқдор эканлигини биламиз… шунинг учун биз қўшимча шароитларни ташкил қилдик, мавжуд автотураргоҳни синов режимида бепул очишимиз мумкин. Худди шу схема қуйида ишлайди — автоуловлар учун 5 дақиқа ва автобуслар учун 10 дақиқа [йўловчиларни тушириш учун] бепул».

Аэропорт директори Мирзоҳид Турсунов журналистларга эстакададан фойдаланиш қоидаларини тушунтирмоқда.

Аввал ёзганимиздек, Тошкент халқаро аэропортини реконструкция қилиш доирасида ҳаво бандаргоҳининг ўтказувчанлиги соатига 600 дан 1200 йўловчига оширилади. 7,5 минг квадрат метр майдонда йилига камида 70 минг тонна ва кунига 200−220 тонна юкларни қабул қилиш учун мўлжалланган юк терминали, аэропорт ситуация маркази ва ҳарбийлаштирилган тузилмалар учун маъмурий бино, шунингдек транспорт воситалари учун тўхташ жойларини қуриш режалаштирилган. Бундан ташқари, аэропортнинг сунъий учиш-қўниш йўлаги, қўшимча йўлаклари ва перрони капитал таъмирланади.

Фото