12 сентябрь куни Тошкент аэропорти ҳудудида аукцион орқали ғолиб деб топилган Bobur Diyor компанияси такси хизматини йўлга қўйди. Taxi Airport Tashkent стикерлари туширилган катта ва кенг юкхонага эга янги автомобиллар йўловчилар учун бир нечта тарифларни жорий қилди. «Газета.uz» аэропорт ҳудудида бўлиб янги автотураргоҳ ва такси хизмати фаолияти билан танишди.

Мижозларни биринчи қаторда «Комфорт» тарифидаги автомобиллар кутади. Бошқа тарифлардаги автомобиллар иккинчи қаторда туради ёки йўловчининг илтимосига биноан хизмат кўрсатилади.




Фойдаланиш тартиби

Йўловчилар учиб келиш залида ўрнатилган пештахта олдига келиб, бориш манзилини айтади. Менежер тариф бўйича километрни ҳисоблаб чиқади ва тўлаш учун суммани айтади. Агар нарх йўловчига тўғри келса, тўлов (нақд ёки банк картаси орқали) қилади. Манзили ва тўланган суммаси кўрсатилган квитанция билан терминалдан чиқиб, биринчи турган таксига ўтиради. Шунингдек, йўловчи тўғридан-тўғри пештахтани четлаб ўтган ҳолда биринчи турган машинага ўтириб, такси хизматларидан фойдаланиши мумкин.

Терминал олдига фақат Taxi Airport Tashkent хизмати кира олади. Бошқа барча таксилар, шу жумладан агрегаторлар (Yandex, MyTaxi ва бошқалар) орқали ишлайдиган таксилар автотураргоҳлар олдидан йўловчиларни олиб кетишлари мумкин. Йўловчи ўз ҳайдовчисини тезда топиши учун узоқдан кўринадиган катта белги ўрнатилади, бу такси ва йўловчининг учрашадиган жойи эканлигини кўрсатади.

Шунингдек, Тошкент халқаро аэропортида реконструкциядан сўнг учта автотураргоҳ очилди. Учиб кетиш зали олдидаги автотураргоҳ сиғими 214 тадан 333 тага кенгайтирилди. Соябонлар ва савдо шохобчалари олиб ташланиши, шунингдек, автобуслар ва таксилар учун юриш линиясининг қайта конфигурацияси ҳисобига ушбу ҳудуд кенгайтирилди.

Тез орада учиш залининг учинчи қаватида умумий овқатланиш ва чакана савдо шохобчалари ишга тушади.

Учиб келиш зали олдида 175 ўринли янги автотураргоҳ қурилди ва мавжуд 122 ўринли автотураргоҳ реконструкция қилинди. Умуман олганда, аэропорт олди ҳудудининг янги лойиҳасига асосан автотураргоҳлардаги жойлар сони 187 фоизга — 336 тадан 630 тагача кўпайтирилди. Кетиш ва келиш заллари орасидаги ёпиқ автотураргоҳ меҳмонхонага ва меҳмонхонадан ташишни амалга оширувчи туристик автобуслар ва микроавтобуслар учун ажратилади.


Uzbekistan Airports ахборот хизмати ходими Аҳмаджон Орифжоновнинг сўзларига кўра, компания аэропортга кириш/чиқиш ва тўловларни қабул қилиш имконини берувчи автотураргоҳ тизимини харид қилди. Маблағлар автоматлаштирилган онлайн касса терминалида нақд пулда, шунингдек, банк карталари ва мобил тўлов иловалари орқали қабул қилинади.

Автотураргоҳни олдиндан банд қилиш ҳамда масофадан туриб тўловларни амалга ошириш учун мобил илова ҳам бўлади. Шу билан бирга, «Тошкент» аэропорти ҳудудидаги автотураргоҳлар электромобилларни қувватлантириш шохобчалари билан жиҳозланади. Ускуналарни ўрнатиш ва тизимни созлаш ШҲТ саммити якунланганидан сўнг бошланади. Автоматлаштирилган автотураргоҳ 1 октябрдан тўлиқ ишга тушади. Унгача автотураргоҳлар синов режимида ишни давом эттиради.

Бошқарув компанияси тўхташ жойи локацияси ва тўхтаб туриш давомийлигини (соат, кун) ҳисобга олган ҳолда тарифлар ўрнатди.

Бунда:

  • энг яқин учта автотураргоҳда бир соат (учиб келиш, учиб кетиш, IBK «Toshkent-AERO») туриш 10 000 сўм.
  • олисдаги учта автотураргоҳ учун («Учиш комплекси», «Рухсатномалар бериш бюроси» ва «Яшил зона») — 5 000 сўм.
  • барча автотураргоҳларда дастлабки 10 дақиқа бепул.
  • эстакада ёпиқ бўлса, таксилар, шунингдек, шахсий автомобиллар ёки туристик автобуслар учиб кетиш залидаги тўхташ жойига мутлақо бепул кириб, йўловчини қолдиришлари мумкин.
  • кунлик тўлов энг яқин автотураргоҳларда 100 000 сўм, олисдаги автотураргоҳларда 50 000 сўм.

Келтирилишича, йил охиригача кутиб олувчилар учун шароит яратиш режалаштирилган — мавжуд соябонлар ўрнига ўриндиқларга, кофе бурчакларига, чакана савдо нуқталарига ва қулай ҳарорат режими таъминланган иншоот ўрнатилади.


Тошкент аэропортининг маҳаллий ва халқаро авиақатнов терминаллари ўртасида автобус қатнови йўлга қўйилди. UzPort стикерли автобус ҳар куни соат 05:00 дан 23:30 гача хизмат кўрсатади. Халқаро авиакоқатновлар терминалида автобус жўнаб кетиш зали ёнидаги тўхташ жойида автобуслар учун ажратилган йўлак бўйлаб ҳаракатланади, маҳаллий терминалда эса кириш эшиги ёнигача боради. Автобус хизматларидан барча ҳоҳловчилар мутлақо бепул фойдаланиши мумкин.