Uzbekistan Airports йўловчиларни кутиб олувчилар учун Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш зали ёнидаги P2 ва P3 автотураргоҳларида иккита янги ҳудуд қуришга қарор қилди.

Келтирилишича, йўловчилар оқимининг жадал суръатларда ўсиб бораётгани муносабати билан яқинлари ва дўстлари билан учрашиш учун келганларга учиб келиш терминалида ажратилган ҳудуд етарли бўлмай қолган.

«14 январдан бошлаб кучли совуқ туфайли республика аэропортлари аэровокзал биносига одамларни кутиб олиш учун рухсат олди. 2018 йилда қурилган учиб келиш зали халқаро стандартларга жавоб бермайди, у ерда кутиб олувчилар учун жой ажратилмаган. Бир неча кун ичида биз божхона зонасини кутиб олиш зонасидан ажратиш чораларини кўрдик. 400 метр квадрат майдон ҳар куни аэропортга яқинларини кутиб олишга келганлар учун жуда торлик қилди», — деди Uzbekistan Airports акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Унинг сўзларига кўра, одамларнинг кўплиги кутиб олувчилар учун ҳам, «жонли» йўлакдан ўтишга мажбур бўлган йўловчилар учун ҳам ноқулайликлар туғдирган. Йўловчилар ва хавфсизликни таъминловчи хизматлардан жуда кўп шикоятлар келиб тушган. Бу вақт давомида кутиб олувчилар учун янги ҳудуд лойиҳаси устида ишланди.

Тахминан март ойининг охирига қадар умумий майдони қарийб 1400 метр квадрат бўлган иккита шундай ҳудуд қурилади — бири мавжуд соябонлар ўрнига, иккинчиси — кетиш ва келиш заллари оралиғидаги P2 автотураргоҳида. Яқин кунларда аэропорт олди майдонида қурилиш-монтаж ишларини бошлаш режалаштирилган.