Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси миллий авиациясини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни имзолади, дея хабар қилди «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси матбуот хизмати «Газета.uz"га.

28 ноябрь куни бош вазир Абдулла Арипов компанияга ташриф буюриб, фармонни ижро этишга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Ҳужжатда Миллий авиакомпанияни қайта ташкил этиш ҳамда унинг базасида алоҳида Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports (аэропортларни бошқариш бўйича) акционерлик компанияларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Авиакомпания таркибига кирувчи Давлат унитар корхоналари масъулияти чекланган жамият этиб қайта ташкил этилади. Бу, жумладан, Uzbekistan Airways Technics самолётларга техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш бўйича авиакорхонасига ҳам тааллуқли.

«Ўзаэронавигация» маркази Вазирлар Маҳкамасига берилади. «Махсус авиацион ишлар авиакомпанияси» ДУК базасида Uzbekistan Helicopters МЧЖ ташкил этилади.

Фармонда бир марталик парвозлар ва аэродромлар яқинида объектлар қурилишига рухсат бериш бўйича ваколатлар бериш, шунингдек Дававианазорат тузилмасини такомиллаштириш ва штат бирликларини ошириш йўли билан Дававианазоратга авиация соҳасида рақобат муҳитини яратиш ва давлат назоратини кучайтириш ҳам кўзда тутилган.

«Газетаuz» ахборот манбалари берган маълумотларга кўра, президент Транспорт вазирлигини ташкил этиш бўйича ҳам топшириқ берган.