Қозоғистоннинг QazaqGaz компанияси октябрь ойидан Ўзбекистонга Россия гази транзитини бошламоқчи. Бу ҳақда компания бошқаруви раиси Санжар Жаркешов Атирау вилоятига ташрифи доирасида маълумот берди, дея хабар бермоқда Kazinform.

«Компания раҳбари Марказий Осиё магистраль газ қувурининг Қозоғистон қисми — Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга ташиш маркази бўйича тайёргарлик ишларининг боришини кўздан кечирди. Ўзбекистонга газ транзити 2023 йил октябрь ойида бошланиши режалаштирилган», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг ноябрь ойи охирида Владимир Путин Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг «уч томонлама газ иттифоқи»ни тузишни таклиф қилгани маълум бўлганди.

7 декабрь куни энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов мамлакат қўшнилардан газни «қандайдир альянс ёки иттифоқ» орқали эмас, балки тижорат шартномаси доирасида импорт қилиш бўйича музокаралар ўтказаётганини қайд этган. Орадан бир кун ўтиб, Россия президенти Владимир Путин «бу энергетик альянс бўлиши мумкин»лигини айтган.

24 январь куни Ўзбекистон ва «Газпром» ўртасида газ соҳасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» имзоланди. Бироқ ҳужжат тафсилотлари келтирилмади. Ушбу янгилик тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг Энергетика вазирлиги «йўл харитаси» бўйича тушунтириш берди. «Бунда газ транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ», — дейилади хабарда.

4 июнь куни Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев 2024 йилги куз-қиш мавсумида мамлакат инфратузилмаси Россия газини Ўзбекистонга транзит қилиш учун тайёр бўлишини маълум қилганди. 16 июнь куни Энергетика вазирлиги Россия газини Ўзбекистонга Қозоғистон ҳудуди орқали экспорт қилиш бўйича Санкт-Петербург Халқаро иқтисодий форумида шартнома имзолангани ва унга мувофиқ газ етказиб бериш 2023 йилнинг тўртинчи чорагидан бошланишини хабар қилди.

Кейинчалик келишув тафсилотлари бўйича маълумот берилди. Унга кўра, ҳужжат икки йилга тузилган, етказиб бериш ҳажми кунига 9 миллион куб метрни, йиллик ҳажм деярли 2,8 миллиард куб метрни ташкил этади. Лекин газ қандай нархда сотиб олиниши ҳалигача номаълум. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бу бўйича маълумот беролмаслигини билдирган. Нарх бўйича берилган саволга вазир «Келишувдаги нархлар миллий манфаатлар, бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, рақобатбардош нархлар белгиланди», дея жавоб берган.