Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистоннинг Россиядан сотиб оладиган газ учун қанча тўлаши бўйича маълумот беролмаслигини билдирди. «Миллий манфаатлар, бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, рақобатбардош нархлар белгиланди», — деди вазир Kun.uz нашрига берган интервьюсида.

16 июнь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Россия газини мамлакатга етказиб бериш бўйича Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида келишув имзоланганини маълум қилганди. Шартнома икки йилга тузилган бўлиб, унинг тафсилотларига кўра, 1 октябрдан кунига 9 миллион куб метр газ етказиб бериш бошланиши кутилмоқда. Йиллик ҳажм қарийб 2,8 миллиард куб метрни ташкил этади. Энергетика вазири мазкур келишувдаги нарх юзасидан фикр билдирди.

«Нарх изоҳини бердик, миллий манфаатларимиз ва бозор конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда нарх келишилди. Нархни ошкор қилолмаймиз, чунки бу — икки томонлама шартнома. Буни тушунтирганмиз. Умуман, шу йўналишдаги шартномаларни қарасангиз, бирор шартномада [нарх] очиқланмайди, лекин шуни айтишим мумкинки, миллий манфаатларни инобатга олган ҳолда рақобатбардош нархга келишилди», — деди Мирзамаҳмудов.

Вазирлик баёнотида Россия билан келишувдаги табиий газ нархи «вилоятдаги бозор нархлари, республикадаги жорий нархлар, шунингдек, бозор шароитлари, нархларни шакллантириш бўйича режалаштирилган ислоҳотлардан келиб чиқиб келишилгани» қайд этилган.

Вазир ўз интервьюсида бу бўйича саволга ҳам жавоб бериб, мамлакатда электр энергияси тарифлари бўйича ислоҳот ҳақида ҳам гапирди.

«Нарх бўйича ислоҳот қилмас эканмиз, эътибор берсангиз, генерация ва тақсимот линиялари, етказиб бериш бўйича ишлаяпмиз, лекин истеъмол жиҳатдан, энергия самарадорлиги жиҳатдан нархларни мувофиқлаштирмас эканмиз, биринчи ўринда, инвесторлар келмайди. Инвесторлар нега келади? Уларга тариф керак. Иккинчидан, истеъмол самарадорлигини оширишимиз керак. Шунинг учун, албатта, бу бўйича ишлаяпмиз, таклиф киритяпмиз», — деди у.

Бозор нархлари асосидаги тарифларга ўтиш шу йил рўй бериши мумкинми, деган саволга вазир: «Муҳокама кетяпти. Бизга қанча тез бўлса, шунча яхши, албатта», — деб жавоб берди.