Россия президенти Владимир Путин РФ билан Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги газ бўйича ҳамкорлик масаласини яна бир бор кўтарди. У 9 декабрь куни Бишкекда бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилиши якунида сўзга чиқиб, Қозоғистон ва Ўзбекистон иқтисодларининг газга бўлган талаби, айниқса, экспорт мажбуриятларини ҳисобга олганда ошиб боришини таъкидлади.

РФ, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистонни ўз ичига олган Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари иқтисодиёти «ҳозир ўсиб бормоқда ва келажакда ҳам ўсади», бу эса энергия истеъмолининг ошишига олиб келади, деди Путин. Ўзбекистон 2020 йил декабр ойидан ЕОИИда кузатувчи мақомига эга.

«Ҳозирданоқ етишмаяпти ҳамда энергия [ишлаб чиқарувчи] ва газ қазиб олувчи Қозоғистон ва Ўзбекистон каби давлатлар, улар олдинга қарашмоқда ва тўғри қилишмоқда — у ерда жуда яхши иқтисодий жамоалар шакллантирилган, шундай барқарор сиёсий раҳбарият. Ҳар икки давлат президентлари олдинга қарашмоқда ва келгуси йилларда қанча [газ] керак бўлишини ўйлашмоқда. Ва улар, жумладан, ўтган йилларда юзага келган экспорт мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда, қўшимча ҳажмлар, қўшимча ресурслар керак бўлади, деган хулосага келишади. Уларнинг экспорт мажбуриятлари бор», — деди у.

РФ президенти экспорт мажбуриятлари ҳақида бир неча бор таъкидлаб, икки мамлакатда ички истеъмол ўсиб бораётганини таъкидлади.

«Буларнинг барчаси бизни соатларимизни яна солиштириб олишни, барчаси қандай ишлашини ва қўшимча нима қилишимиз мумкинлигини кўриб чиқишимизни тақозо этади. Қила оламизми ёки йўқми? Ҳа, қила оламиз. Лекин кўплаб масалалар бор. Мисол учун, Қозоғистон шимоли газни Оренбургдан олади. Лекин газ Оренбургга, бизнинг газни қайта ишлаш заводимизга Карачаганакдан, Қозоғистондаги кондан келади. [Газ] Қозоғистонга Россиянинг ички нархларида келади», — деди у.

Ўзбекистонга газ етказиб бериш учун Совет Иттифоқи даврида яратилган газ ташиш тизимидан фойдаланиш зарур, — деди Владимир Путин.

«Уни таъмирлаш керак, у ерда ҳамма жойида ҳуштак чалиняпти. У ерда иккита тармоқ бор. Биттасидан мутлақо фойдаланилгани йўқ, иккинчиси эса Карачаганакдан Оренбургга газ етказиб бериш учун ишлатилади. Аагар бу газ Ўзбекистонга берилса, инверс режимида ишлаши керакми ёки реверс? Бу ҳам масала», — деди Россия раҳбари.

Бу ҳолатда Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга алоҳида газ узатиш тизимини қуриш зарур. «Россиянинг ўзида ҳам Марказий Осиёга газ етказиб бериш учун ички инфратузилмани қуриш керак бўлади. Россияда, Россия Федерацияси ҳудудида. Бу эса оз эмас, кўп эмас — 260 млрд рублдан (тахминан 4,16 млрд АҚШ доллари) атрофида», — деди у.

«Ўзаро келишилган ва эҳтимол, қаердадир муросали ечимларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни талаб қиладиган кўп масалалар борки, уларни аниқ топиш мумкин. Яъни, бу маънода қандайдир энергетик альянс бўлиши мумкин», — деб тушунтирди Владимир Путин.

РФ раҳбари ЕОИИ доирасида ягона газ бозорини яратишга тайёргарлик кўрилганини эслатди.

«Бизнинг ЕврАзЭС (ЕОИИнинг собиқ номи — таҳр.) мамлакатлари олдидаги мажбуриятларимиз ҳам бор. Ўзбекистон ҳамон кузатувчи мақомда. Лекин Ўзбекистон учун, албатта, бу ҳам ЕврАзЭС ишига чуқурроқ назар ташлаш ва бу ерда, умуман, ЕврАзЭС билан манфаатли нуқталарини топиш учун яхши имкониятдир. Бу ерда енгиб бўлмайдиган тўсиқлар йўқ. Аммо бунинг учун экспертлар даражасида жуда тизимли иш ва молиявий нотўғри ҳисоб-китоблар, ҳар бир давлатнинг ушбу инвестициялардаги иштирокини мувофиқлаштириш керак «, — дея қўшимча қилди у.

Унинг сўзларига кўра, Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги газ соҳасидаги ҳамкорлик яхши истиқболга эга.

«Бу яхши, катта ва жуда истиқболли иш. Ва келажак учун яхши истиқболлар билан. Биз ишлаймиз. Бу иш бошланди», — деди РФ президенти.

Ноябрь ойи охирида Владимир Путин Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг «уч томонлама газ иттифоқи»ни тузишни таклиф қилгани маълум бўлган эди.

Куни кеча Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон газни «қандайдир альянс ёки иттифоқ» орқали эмас, балки тижорат шартномаси доирасида импорт қилиш бўйича музокаралар ўтказаётганини билдирди.