2022 йилдан бери Европа кутубхоналаридан XIX аср рус ёзувчиларининг 170 дан ортиқ нодир китоблари, асосан, Александр Пушкиннинг биринчи ва илк асарлари ғойиб бўлмоқда, деб ёзади The New York Times (NYT) Европол маълумотларига таяниб.

Ўғирланган китобларнинг умумий қиймати 2,6 миллион доллардан ошади, уларнинг ҳар бири нархи ўнлаб ва юз минглаб долларларни ташкил қилади. Ригадаги Латвия миллий кутубхонаси, Вильнюс университети кутубхонаси, Берлин давлат кутубхонаси, Мюнхендаги Бавария давлат кутубхонаси, Хельсинкидаги Финляндия Миллий кутубхонаси, Франция Миллий кутубхонаси, шунингдек, Париж, Лион ва Женевадаги университет кутубхоналаридан китоблар ўғирланган. Варшава университети кутубхонаси энг кўп зарар кўрди: 78 та китоб йўқолган.

Ўтган йили Франция Миллий кутубхонасида ўғрилар нодир китоблар хонасидан Пушкиннинг саккизта ва Лермонтовнинг битта китобини ўғирлаб кетган. Уларнинг тахминий қиймати 650 минг евро (696,5 минг доллар). NYT`нинг таъкидлашича, бу яқин тарихда кутубхонада содир этилган энг йирик ўғирликлардан биридир.

Аксарият ҳолларда ўғирланган асл китоблар юқори сифатли нусхалар билан алмаштириб кетилган, улар ҳатто эски қоғоздаги жигарранг доғларни ҳам ўхшатиб кетишган — бу «олдинган ўйланган операция» белгисидир, дея таъкидлайди нашр. Мутахассисларга кўра, кўплаб мамлакатлардан бир хил турдаги китобларнинг қисқа вақт ичида йўқолиши мисли кўрилмаган ҳодисадир. Ушбу ўғирликлар кутубхоналарни хавфсизлик чораларини кучайтиришга ва дилерларни рус китобларининг келиб чиқишини диққат билан кузатишга ундади.

NYT Эстониядаги Тарту университети кутубхонасида содир бўлган ўғрилик ҳолатларидан бирини тасвирлаб берди. 2022 йил апрель ойида — Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан кўп ўтмай — у ерга ўзларини украиналик қочқинлар деб таништирган икки киши борган. Улар ўзларини амаки ва жиян деб таништириб, Александр Пушкин ва Николай Гоголь китобларининг илк нашрларини сўраган. Эркаклар рус тилида гаплашиб, жияни АҚШга стипендия олишга ариза топшириши учун чор Россиясидаги цензурани тадқиқ қилишаётганини айтган. Кутубхоначилар ёрдам беришга рози бўлган. Эркаклар 10 кун давомида китобларни ўрганган. Орадан тўрт ой ўтиб, китобларни режали тарзда рўйхатдан ўтказиш чоғида улар сўраб мурожаат қилган саккизта китоб ғойиб бўлиб, ўрнига сифатли факсимиле нусхалари қўйилгани маълум бўлган.

Расмийлар, кутубхоначилар ва нодир рус китоблари бўйича мутахассислар ўғриларни «каттароқ балиқлар номидан ҳаракат қиладиган кичик балиқлар», деб ҳисоблашади, деб ёзади газета. Аммо ўғирликлар ортида ким тургани ва нима учун ўғирлашаётгани очиқ қолмоқда, дея таъкидлайди нашр.

Сўнгги йилларда рус классикасининг дастлабки намуналари Ғарб аукционларида беш ва олти рақамли суммаларда сотилган, дея таъкидлади NYT. Мутахассисларнинг айтишича, бугунги кунда Россияда бундай китоблар савдоси уларнинг «улкан маданий ва ватанпарварлик қиймати» туфайли ўсмоқда. Франция ҳукумати, шунингдек, давлат томонидан рухсат этилган «Россия хазиналарини Россияга олиб келиш» уринишини истисно қилмайди.

Европол маълумотларига кўра, ўғриликда гумон қилиниб, тўққиз киши қўлга олинган — уларнинг барчаси Грузия фуқаролари саналади. Тўрт киши апрель ойи охирида Грузияда 150 дан ортиқ китоб билан қўлга олинган. Ноябрь ойида француз полицияси уч нафар гумонланувчини ҳибсга олганди. Яна бир киши Эстонияда қўлга тушган, яна бир гумонланувчи эса Литвада ҳибсда сақланмоқда.

Европа бўйлаб китоб ўғирланиши бўйича «Пушкин операцияси» деб номланган тергов Франция полициясининг маданий бойликларни ўғирлашга қарши кураш бўйича махсус бўлинмаси томонидан мувофиқлаштирилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг сўзларига кўра, ўғриликлар билан баъзилари қариндош бўлган одамлардан иборат тармоқ шуғулланган. Нодир рус китобларини излаб, бу одамлар кутубхона карталари (баъзан тўқилган исмлар билан) билан автобусларда Европа бўйлаб саёҳат қилган ва асл китоблар ўрнини босадиган юқори сифатли нусхаларни яратган.

Пушкин, Гоголь ва Михаил Лермонтовнинг ўлмас асарлари нархи сўнгги 20 йил ичида кескин кўтарилди, дея хабар беради газета дилерлари. Хусусан, «Евгений Онегин»нинг асл қадоқдаги баъзи бобларидан иборат илк нашри 2019 йилда Christie’s аукционида 467 фунт (581 минг доллар)дан кўпроққа сотилган.

Украина босқинидан кейин Россияга қарши киритилган Ғарб санкциялари Ғарбдаги дилерларга россияликларга китоб сотишни тақиқлайди, бу эса нодир китоблар учун мавжуд яширин бозорни кучайтиради, дея қайд этади NYT.

Газета суҳбатлашган дилерларга кўра, Европа кутубхоналаридан ўғирланган китоблар Ғарбдаги расмий аукционларда пайдо бўлиши даргумон — уларнинг кўпи аллақачон Антиквар китоблар сотувчилари халқаро лигасининг йўқолган китоблар реестрига киритилган.

Аммо лондонлик дилер Пьер-Ив Гиймнинг сўзларига кўра, булар Россиядаги энг машҳур китоблар бўлиб, «нафақат тажрибали коллекционерлар, балки „соврин сифатидаги буюмларини истаганлар“ учун ҳам жозибадор бўлиши мумкин».

Европол маълумотларига кўра, ўғирланган китобларнинг бир қисми аллақачон Москва ва Санкт-Петербургдаги аукцион уйлари томонидан сотиб бўлинган, «уларни энди қайтариб бўлмайди». Идора тергов давом этаётганига асосланиб, гап қайси китоблар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади.