Россия газини Ўзбекистонга Қозоғистон ҳудуди орқали экспорт қилиш бўйича Санкт-Петербург Халқаро иқтисодий форумида шартнома имзоланди ва унга мувофиқ газ етказиб бериш 2023 йилнинг тўртинчи чорагидан бошланади, деб хабар берди Энергетика вазирлиги.

Вазирликнинг қайд этишича, томонлар Ўзбекистон газ узатиш тизимини Россия газини қабул қилишга тайёрлаш бўйича «йўл харитаси»ни ҳам имзолаган.

Ҳужжатларга Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев иштирокида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва «Газпром» ОАЖ бошқаруви раиси Алексей Миллер имзо чеккан.

газ, россия, ўзбекистон

Аввалроқ Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев мамлакат инфратузилмаси 2024 йилги куз-қиш мавсумида Россия газини Ўзбекистонга транзит қилиш учун тайёр бўлишини айтганди.

16 май куни Қозоғистон ҳукумати йиғилишида Энергетика вазирлиги раҳбари Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзит қилиш имконияти бўйича музокаралар «етарлича конструктив тарзда» кетаётганини айтган.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Россия рус газини етказиб беришнинг тижорий шартларини фақат техник масалалар ҳал этилгандан кейингина муҳокама қила бошлашини таъкидлади.

Апрель ойи охирида вазир «Газета.uz»га Россиядан Ўзбекистонга газни «Ўрта Осиё-Марказ» (CAC) газ қувури орқали етказиб бериш режалаштирилганини маълум қилган.

30 май куни Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Санкт-Петербургда «Газпром» бошқаруви раиси Алексей Миллер билан яна учрашиб, Россия газини етказиб бериш масаласини муҳокама қилди.