ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси (Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти) ва Ўзбекистон 2024−2029 йилларга мўлжалланган шериклик тўғрисидаги ҳадли битимни имзолади, унинг доирасида мамлакатнинг барқарор ривожланиш дастурини қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион доллар ажратилади. Бу ҳақда жамғарма матбуот хизмати хабар берди.

Шунингдек, ОПЕК жамғармаси Ўзбекистон бўйлаб қарийб 30 минг болага мўлжалланган 200 та мактабгача таълим муассасасини ташкил этишни назарда тутувчи мактабгача таълим соҳасидаги ҳукумат лойиҳаси учун 20 миллион доллар кредит ажратади. Лойиҳа Ислом тараққиёт банки ва хусусий ҳомийлар томонидан биргаликда молиялаштирилади.

«Замонавий мактабгача таълим тизимини ривожлантириш келажакдаги иқтисодий ўсиш ва инсон тараққиётининг калитидир. Биз ҳукуматнинг саъй-ҳаракатларига қўшилаётганимиздан ва унинг 2030 йилгача ўртачадан юқори даромадли мамлакатга айланиш ҳақидаги мақсадларини қўллаб-қувватлаётганимиздан мамнунмиз», — деди жамғарма президенти Абдулҳамид Аль-Халифа.

Бугунги кунга қадар ОПЕК жамғармаси Ўзбекистонда давлат ва хусусий сектордаги 30 га яқин лойиҳани қўллаб-қувватлаш учун қарийб 760 миллион доллар кредит ажратган. Молиялаштиришнинг учдан бир қисми сув таъминоти ва канализация тизимини яхшилашга йўналтирилган.

Шавкат Мирзиёев 1 май куни жамғарма президенти Абдулҳамид Ал-Халифани қабул қилганди. Учрашувда томонлар имзоланган келишув доирасида 500 миллион долларлик лойиҳаларга «тезкор тайёргарлик кўриш» ва амалга ошириш муҳимлигини таъкидлаган.