1 июндан тадбиркорларга алоҳида имтиёзлар тақдим этадиган дастур амалга оширилади

Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб «20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастури амалга оширилади. Дастурга 2023−2024 йилларда жами 1 миллиард доллар ажратилади. Унда иштирок этадиган тадбиркорларга алоҳида имтиёзлар берилади.

Қорақалпоғистон мактабларида егулик ичидан таблетка чиққани ҳақидаги хабарлар уюштирилгани маълум қилинди

Апрель ойида Қорақалпоғистонда ўқувчиларга бепул бериладиган егуликлар ичидан таблетка чиққани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Қорақалпоғистон прокуратураси бу каби хабарлар кейтеринг фирмаларининг рақобатчилари томонидан қасддан тарқатилганини маълум қилди.

Тошкентда 12 ёшли қизнинг ўлдирилишига оид суд иши ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқилади

Олий суд январь ойида Тошкентда 12 ёшли қизнинг ўлдирилиши бўйича иш ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқилиши ҳақида хабар берди ва судланувчи қандай моддалар билан айбланаётганини маълум қилди.

ОТМларга кириш имтиҳонлари яна ёпиқ биноларда ўтказилади

Ўзбекистонда 2023/2024 ўқув йили учун тест синовлари ўтказиладиган 92 та ёпиқ иншоот танлаб олинди. Пандемия туфайли жараён 3 йилдан буён очиқ ҳавода ташкил этилаётганди. Май ойи бошида ЖССТ коронавирус глобал фавқулодда ҳолат мақомини йўқотганини маълум қилган.

ДХХ тўртта вилоятда ноқонуний ер сотишда гумонланаётган мансабдорларни қўлга олди

ДХХ ўтказган тезкор тадбирларда Наманган, Жиззах, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ер майдонларининг ноқонуний сотилиши билан шуғулланган мансабдор шахслар қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят ишлари очилди.

Бағдод туманида давлат хизматчилари уйига қуёш панелларини ўрнатишга мажбурлангани рад этилди

Бағдод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходимлари ўз хонадонларига қуёш панеллари ўрнатишга мажбурлангани айтилганди. Ҳокимлик ва бўлим бундай топшириқ бўлмагани, ҳисобчи ва котибадан «нотўғри маълумот бергани учун» тушунтириш хати олинганини маълум қилди.

2022 йилда 1 млн аҳоли камбағалликдан чиқарилди — президент

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ўтган йили 1 миллион нафар, 2023 йилнинг биринчи чорагида 210 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилганини маълум қилди.

МСК 5 та партиянинг сайловда қатнашишига рухсат берди

Душанба куни Марказий сайлов комиссияси 5 та сиёсий партия — ХДП, ЎзЛиДеП, «Адолат», Экологик партия ва «Миллий тикланиш» партияларига 9 июлдаги муддатидан аввалги президент сайловида қатнашишга ижозат берди. Улар 1 июнгача ўз номзодини рўйхатдан ўтказиши мумкин.

Тошкент вилоятида 19 ёшли Damas ҳайдовчиси 2 ўқувчини уриб юборди

Олмалиқ шаҳрида қизил чироқда ҳаракатланган 19 ёшли Damas ҳайдовчиси пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган 2 ўқувчи қизни уриб юборди. Шифохонага етказилган қизлардан бирининг жароҳати енгиллиги айтилмоқда.

Литва Орол денгизи минтақасига 685 минг доза COVID-19 вакцинасини юборди

Литва ҳукумати инсонпарварлик ёрдами сифатида Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманига 685 минг доза коронавирусга қарши вакцина юборди. Аввалроқ ЖССТ COVID-19 тарқалиши соғлиқни сақлаш соҳасида глобал фавқулодда ҳолат мақомини йўқотганини маълум қилганди.

Ўзбекистон 2030 йилга бориб сув танқис бўлган 33 та давлат қаторига тушиб қолиши мумкин

МҲТИ экспертлари Ўзбекистонда сув танқислигини қурғоқчил ҳудудларнинг қишлоқ хўжалиги тармоғига қандай таъсир кўрсатишини ўрганди. 2030 йилга бориб мамлакатда 7 млрд куб метр сув танқислиги кузатилиши мумкин. Натижада Ўзбекистон сув танқис бўлган 33 та давлат қаторига тушиб қолиш эҳтимоли бор.

Диёра Келдиёрова жаҳон чемпионатида медаль олган илк ўзбекистонлик аёл дзюдочи бўлди\

Диёра Келдиёрова Доҳа шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритиб, мамлакат тарихида совриндор бўлган илк ўзбекистонлик аёл дзюдочига айланди. Терма жамоа жаҳон чемпионатини умумий ҳисобда иккита кумуш ва иккита бронза медали билан якунлади.

UniSat 2.0 дастури иштирокчилари Навоийда 2 та наносунъий йўлдошни ишга туширди

UniSat 2.0 таълим дастури иштирокчилари Навоий вилоятида биоматериаллар, аллерген заррачалар ва ҳаво сифатини ўрганиш бўйича тажрибалар ўтказган ҳолда стратосферага иккита наносунъий йўлдошни учиришди. Дастур доирасида биринчи наносунъий йўлдош ўтган йили учирилганди.

Ўзбекистонда ҳафта ўртасида ҳарорат пасайиб, ёмғир ёғади

Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида ҳафта ўртасида ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади, жойларда дўл ёғиши мумкин. Ҳарорат кечаси +10 даражагача, кундузи +17 даражагача пасаяди. Тошкентда чоршанба ва пайшанба кунлари момақалдироқли ёмғир ёғади.

Мирзиёев Эрдоғанни сайлов «муваффақиятли ўтгани» билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Туркия раҳбари Режеп Таййип Эрдоғанни президентлик ва парламент сайловлари муваффақиятли ўтгани билан телефон орқали табриклади. 99,31 фоиз овозни санаб чиқиш якунига кўра, номзодларнинг ҳеч бири керакли 50 фоизни тўплай олмади, овоз беришнинг иккинчи тури ўтказилиши кутилмоқда.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Майнинг 13 лаҳзаси. Андижоннинг 18 йил аввалги ва ҳозирги манзаралари

2005 йилнинг 13 майга ўтар кечаси Ўзбекистон тарихига «Андижон воқеалари» номи билан кирган энг қонли ҳодисалардан бири бошланган эди. «Газета.uz» ушбу ҳодиса оқибатлари акс этган 13 манзарани танлаб олиб, уларни 2023 йил май ойида яна ўша нуқталарда олинган суратлар билан таққослади.

Нима ўқиймиз? Журналист Азиза Қурбонова тавсия қилади

«Газета.uz» китобхонликни тарғиб этишга қаратилган «Нима ўқиймиз?» лойиҳасини давом эттиради. Сара асарлар, ўқилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланган китоблар рўйхати ҳақида олим, тадқиқотчи, ёзувчи-шоир, таржимон, журналист ва жамоат фаолларининг тавсияларини сизга етказамиз.

Таваллудига 120 йил тўлган адиб — Ғафур Ғулом уй-музейига саёҳат

Муқимий театри олдидан бошланадиган Арпапоя кўчаси бўйлаб бироз юрсангиз, Ғафур Ғулом яшаган икки қаватли ғиштин бинога дуч келасиз. Халқ шоирининг уйи 1983 йили халққа тақдим этилган — музейга айлантирилган.