Давлат хавфсизлик хизмати Наманган, Жиззах, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ер майдонларининг ноқонуний сотилиши билан боғлиқ ҳолатларни аниқлади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Наманган вилоятидаги туманлардан бирининг фермерлар кенгаши раиси тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарони тумандаги машина трактор паркининг 30 сотих ер майдонини унинг номига расмийлаштириб беришга ишонтирган. Бунинг эвазига у 50 минг АҚШ доллари талаб қилган. шУ ини маҳаллий ҳокимлик тизимида ишловчи мансабдор таниши орқали битириб бермоқчи бўлган.

ДХХ ходимлари тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахсни сўралган пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушлаган.

Аниқланишича, у муқаддам Жиноят Кодексининг 214-моддаси (давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши) билан судланган бўлса-да, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.

Тошкент вилоятида кузатилган ҳолатда эса Ўртачирчиқ туманидаги фермер хўжалик раҳбари мазкур хўжаликнинг 80 сотих суғориладиган ер майдонини ҳокимият ва кадастр тизимидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 320 минг доллар сўраган. У олдиндан 20 минг долларни олган вақтида ушланган.

Бошқа бир ҳолатда эса Жиззах вилоятидаги туманлардан бирининг архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи танлов савдоларини ўтказиш бўйича вилоят комиссияси баённомасига асосан танлов ғолиби деб топилган хусусий корхонага савдо дўкони қуриши учун ажратилган 56 кв. м ер майдонида тегишли ишларни амалга оширишда зарур бўладиган ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам бериш эвазига корхона раҳбаридан 3 минг доллар талаб қилган. У сўралган пулдан 2 минг долларини олган вақтида ушланди.

Сурхондарё вилоятида эса жарқўрғонлик фуқаро «Амузанг» ирригация тизимлари бошқармаси балансида бўлган 70 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 100 млн сўм сўраган. Ундан 6 минг доллар ва 32 млн сўмни олган вақтида ДХХ ҳамда ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.