Фото: Денис Синяков
Майнинг 13 лаҳзаси
Андижоннинг 18 йил аввалги ва ҳозирги манзаралари
Фото: Денис Синяков
Майнинг 13 лаҳзаси
Андижоннинг 18 йил аввалги ва ҳозирги манзаралари
2005 йилнинг 13 майга ўтар кечаси Ўзбекистон тарихига «Андижон воқеалари» номи билан кирган энг қонли ҳодисалардан бири бошланган эди. «Газета.uz» ушбу ҳодиса оқибатлари акс этган 13 манзарани танлаб олиб, уларни 2023 йил май ойида яна ўша нуқталарда олинган суратлар билан таққослади.
2005 йилнинг 13 майга ўтар кечаси Ўзбекистон тарихига «Андижон воқеалари» номи билан кирган энг қонли ҳодисалардан бири бошланган эди. «Газета.uz» ушбу ҳодиса оқибатлари акс этган 13 манзарани танлаб олиб, уларни 2023 йил май ойида яна ўша нуқталарда олинган суратлар билан таққослади.
2005 йилнинг 13 май куни Андижон шаҳрида кўплаб одамларнинг қурбон бўлишига ҳамда фуқаролар ва давлат мулкига катта моддий зарар етказилишига олиб келган фожиали ҳодисалар юз берган эди.

Ўзбекистон раҳбарияти ушбу ҳодисаларни теракт деб баҳолаган. Андижондаги воқеаларга бағишлаб 17 май куни ўтказилган ва президент Ислом Каримов ҳам қатнашган матбуот анжумани ҳақидаги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) ахборотида, жумладан, шундай дейилади: «Ислом Каримов қатъий таъкидладики, бўлиб ўтган воқеаларнинг тинч намойишга ҳеч қандай алоқаси йўқ, бу ҳақда гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бу ҳақиқий террорчилик ҳаракатидир».
Андижоннинг Навоий шоҳ кўчасида жойлашган вилоят ИИБ биноси олдидан кўринадиган манзара. Бунда дарахтларнинг сийраклашганию, темирйўл кўпригига илинган шиордаги ўзгариш эътиборни тортади. 2005 йили, айнан қонли воқеалар юз берган вақтда у ерда шундай ёзув бор эди: «Халқимизга тинчлик ва осойишталик, эртанги кунга ишонч керак». 2023 йил майида кўприкда шундай шиорни кўриш мумкин эди: «Янги Ўзбекистон ёшлари - келажак пойдевори».
Алишер Навоий номидаги вилоят маданият ва истироҳат боғининг кириш жойи.
Андижон вилояти ҳокимлиги олдидаги айланма йўлнинг Навоий шоҳ кўчаси тарафдан кўриниши.
Андижон воқеалари вақтида ёқиб юборилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон вилоят мусиқали драма театри биноси 2007 йилда қайта таъмирланган
Орадан тўрт ой ўтиб, Бош прокуратура мамлакат раҳбариятининг нуқтаи назарини тасдиқлаган: «Тергов давомида Андижондаги террорчилик ҳаракатлари ташқи бузғунчи кучлар томонидан Ўзбекистоннинг мустақил сиёсатига, унинг миллий манфаатларига қарши пухта режалаштирилган ва ташкил этилган хуруж бўлиб, мавжуд конституциявий тузумни ўзгартириш ва бу кучларнинг геосиёсий манфаатларига тўлиқ жавоб берадиган ислом давлатини тузишга қаратилгани аниқланди».
реклама
реклама
Андижон вилояти ҳокимлиги биносининг Ўзбекистон шоҳ кўчасидан кўриниши. 2005 йили бино пештоқида «Ўзбекистон – келажаги буюк давлат» деган шиор илинган бўлса, ҳозир у ерда шундай ёзилган: «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик».
Ўзбекистон шоҳ кўчасида жойлашган Аббос Бакиров номли кинотеатр биноси Андижон воқеалари вақтидаги ёнғин оқибатида жиддий зарарлангани учун кейинчалик бузиб ташланган. Ҳозир унинг ўрнида фақат майдон бор.
Андижон вилояти ҳокимлиги олдидаги айланма йўлнинг Бобосадин кўчаси тарафдан кўриниши.
ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти 2-минтақавий ҳудуд 3-сон тергов ҳибсхонаси биноси олдидаги айланма йўл. Ушбу йўл шаҳарнинг Дукчи Эшон кўчасида жойлашган.
Расмий маълумотларга кўра, Андижон воқеалари давомида 73 та автомобилга, 20 та бинога ўт қўйилган. «Террорчилик ҳаракатлари оқибатида жами 187 киши ҳалок бўлган, улардан 60 нафари тинч аҳоли бўлиб, уларнинг иккитаси вояга етмаган бола ва биттаси аёлдир. Террорчилар томонидан 31 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходими ва ҳарбий хизматчи ўлдирилган. Жиноятчилар 70 кишини гаровга олиб, улардан 15 нафарини ваҳшиёна ўлдирган», - дейилади идоранинг 2005 йил сентябридаги ҳисоботида. Яна 287 киши (уларнинг 91 нафари тинч аҳоли, 49 нафари орган ходимлари) яраланган.

Қурбонлар сонига доир расмий рақамлар халқаро жамоатчилик томонидан кўп марта шубҳа остига олинган. Бу шубҳалар ва танқидлар Ўзбекистон расмийлари томонидан рад этилган. «Андижонда 500 та, 1000 га яқин одам ҳалок бўлди деган гаплар – нотўғри», – деганди Андижон воқеалари вақтида Ўзбекистон раҳбарияти томонидан тузилган штабга бошчилик қилган ва қуролланган шахслар билан музокаралар олиб борган ИИВнинг ўша вақтдаги раҳбари Зокиржон Алматов.
реклама
реклама
Андижон вилояти ҳокимлиги биносининг Навоий шоҳ кўчасидан кўриниши.
Андижон давлат тиббиёт институтининг академик лицейи биноси. Ушбу ўқув муассасаси Андижон вилоят ҳокимлиги яқинида жойлашган.
Андижон воқеаларидан сўнг Бобур майдонида жиддий ўзгаришлар юз берган. Хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали 2007 йили темирйўл вокзали олдидаги майдонга кўчирилган. 2005 йилги воқеалар маркази бўлган майдонда ҳозир Бобур ҳайкали ўрнига Ўзбекистон давлат байроғи осилган флагшток турибди.
Андижон вилояти ҳокимлиги олдидаги айланма йўлнинг Навоий шоҳ кўчаси тарафдан кўриниши.
Вилоят ҳокимлиги ва вилоят мусиқали драма театрининг орқа тарафида жойлашган Абдурауф Фитрат кўчасидаги новвойхона. «Андижон воқеалари бўлган вақтларда бу ҳовлининг ярми новвойхона, қолгани масжид эди. Чойхона бўлганини эслолмайман. Бу ерда ҳозир ҳам ўнлаб новвойлар тирикчилик қилади. Маҳалланинг энг гавжум жойларидан бири», – деди исми сир қолишини сўраган маҳалла фаоли «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда.
500 дан зиёд тинч аҳоли вакили ҳалок бўлгани, одамларга қарата ўт очиш ҳақида буйруқ берилгани ҳақидаги гап-сўзларни 2005 йилдаёқ президент Ислом Каримов ҳам, Ўзбекистоннинг ўша вақтдаги бош прокурори Рашид Қодиров ҳам рад этган. Орадан 15 йил ўтиб бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова «Qalampir.uz»га берган интервьюсида тинч аҳоли ўққа тутилганини тан олган. Ўз навбатида, Зокиржон Алматов «Kun.uz»га берган интервьюсида тинч аҳоли ўққа тутилгани ҳақидаги гапларни яна бир бор рад этган.

«Тинч аҳолига ўқ узилган дейишади. Йўқ. 12 соат олдин уларнинг 600-700 нафар оила-аъзоларини Қирғизистонга чиқариб юборганмиз. Булар келаётганда ҳарбий қисмдаги капитанни отиб қўйишган. Кейин оддий аскарлар нима қилади? Икки томон ўртасидаги отишма сабаб битта жойда 100 киши ўлган. Уларнинг ичида бизнинг ходимлар ҳам, террорчилар ҳам бўлган. Жами 187 киши ўлган. Аллоҳнинг олдида рост гапни гапираман – бу аниқ рақамлар», – деган Зокиржон Алматов.


Материални тайёрлаганлар: Миролим Исажонов, Мадина Аъзам, Маъмуржон Обраҳматов, Муҳрим Аъзамхўжаев.
«Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг