15 май куни Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида Damas 2 нафар мактаб ўқувчисини уриб юборди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.

Соат 07:40 атрофида 2004 йилда туғилган ҳайдовчи С.Х. бошқарувидаги Damas автомашинасида шаҳарнинг 21-мактаб қаршисидаги пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган 14 ёшли икки нафар ўқувчи қизни уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Пиёдаларга биринчи ёрдам кўрсатилиб, олган жароҳатлари бўйича шаҳар шифохонасига етказилган. Улардан бирининг жароҳати енгиллиги айтилмоқда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Олмалиқ шаҳри ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Дастлабки суриштирувга кўра, ЙТҲга ҳайдовчининг светофорнинг қизил чироғида ҳаракатлангани сабаб бўлган.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.