Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — журналист, Telegram’даги «Микрофон кўтарган аёл» канали муаллифи Азиза Қурбонова.

Мутолаа ҳақида

Рэй Бредберининг «Фаренгейт бўйича 451 даража» деган антиутопик жанрдаги асарни билсангиз керак. Унда одамларни ахборий деградацияга олиб бориш ва осон бошқариш учун мамлакатда китоблар тақиққа учрагани тасвирланади, китобларнинг ўрнига теледеворлар ишлайди, уларда уззукун майнавозчилик ва бемаъни кўрсатувлар берилади, одамлар теледеворларга муккасидан кетган, уларни «қариндошлари» деб билади. Борди-ю бирор хонадондан китоб топилса, ўт ўчирувчилар келиб, уйга қўшиб ёқиб юборади.

Айтишларича, қоғоз, яъни китоб 451 даражада ёнади, шунинг учун ёзувчи асарни шундай номлайди. Ҳатто шундай қатағон даврида ҳам бир гуруҳ одамлар китобларни ёдлаб оладилар, улар шу усулда жаҳон дурдоналарини авлоддан авлодга етказамиз, уруш тугагач, китобларни яна хотирамиздан бирма-бир тиклашимиз мумкин, деб ҳисоблайдилар. Китобларни ёд олган одамлардан бири ўт ўчирувчи Гай Монтегга шундай дейди: «Биз китобларни чанг ва ғубордан, йўқолиб кетишдан асрайдиган муқовалармиз».

Бу мени энг таъсирлантирган жойи. Ҳар бир одам китоб ўқийдими-ўқимайдими, ўзи бир китоб. Ҳар биримизнинг танамиз — такрори йўқ асарнинг муқоваси. Мен китобларга шундай қарайман, яъни, уларни ўқиган сари кўпроқ одамларнинг ичига кираман, кўпроқ одамларнинг тарихини ўрганаман, кўпроқ одамларнинг руҳиятини, билимини, хатоларини, ташвишларини кузатаман, керагини ўрганаман, ёққанини эсда сақлаб, ёқмаганини унутаман. Мана мен нима учун китоб ўқийман.

Сўнгги ўқилган китоблардан тавсиялар

Рэй Брэдбери. «Фаренгейт бўйича 451 даража». Asaxiy Books нашриёти. 2022 йил. 254 саҳифа

азиза қурбонова, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Дарвоқе, сўзимни Рэй Бредберидан бошлаган эканман, биринчи тавсиям унинг шу асари — «Фаренгейт бўйича 451 даража» бўлақолсин. Сотиб олиш.

Питер Ҳопкирк. «Катта ўйин: Икки империя тўқнашуви». Asaxiy Books нашриёти. 2022 йил. 744 саҳифа

азиза қурбонова, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Тан олишим керак, китобларни бошлаб қўйиб, охирига етмай, ташлаб кетадиган одатим бор. Питер Ҳопкиркнинг 700 бетли «Катта ўйин: икки империя тўқнашуви» тарихий-оммабоп китобини қачон ўқиб бўларкинман деб бошлагандим, ниҳоятда қизиқарли ёзилганидан жуда тез тугатдим. Чор Россияси ва Британия Ҳиндистонга чиқиш йўлида Марказий Осиёни довга тикилган катта ўлжа сифатида кўргани, сиёсий ўйинлар қилгани ҳақида «хазми осон» услубда ҳикоя қилади. Жосуслар тарихлари ва тақдирларига аралаш воқеаларни ўқиб, яқин тарихимиз, айниқса XIX аср ҳақида мактабда жуда зерикарли ва ночор билимлар берилгани, аслида ҳеч нарса билмаслигимни тушундим. Сотиб олиш.

Алихонтўра Соғуний. «Туркистон қайғуси». «Шарқ» нашриёти. 2021 йил. 495 саҳифа

азиза қурбонова, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Худди шундай кайфиятни Алихонтўра Соғунийнинг «Туркистон қайғуси» асарини ҳам ўқиганимда ҳам туйдим. Яқин ўтмишимиз ҳақида кўпроқ билмоқчи бўлганларни шу икки асарни ўқишга чақираман.

Михаиль Зигарь. «Вся кремлевская рать». «Альпина PRO» нашриёти. 2022 йил. 408 саҳифа

азиза қурбонова, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Сиёсий публицистикага қизиқувчилар учун Россия президенти фаолиятини ёритувчи журналистлар гуруҳида ишлаган Михаил Зигарнинг «Вся кремлевская рать» асарини тавсия қиламан. Унда Россия сиёсий ҳаётининг 2000−2015 йиллари қамраб олинган, ўша даврда сиёсий давраларни яқиндан кузатган ва унда иштирок этган одамларнинг таассуротларини ўқийсиз, Россия ва Украина ўртасидаги ҳозирги урушининг «мантиғи»ни (гарчи бунда ҳеч қандай мантиқ бўлмаса-да), унга айбдорларни топгандек бўласиз.

Кэролайн Криадо Перес. «Невидимые женщины. Почему мы живем в мире, удобном только для мужчин. Неравноправие, основанное на данных». Alpina Publisher нашриёти. 2022 йил. 496 саҳифа

азиза қурбонова, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Ҳозир «Литрес» жавонимга Кэролайн Криадо Переснинг «Невидимые женщины» («Кўринмас аёллар: Нима учун биз фақат эркаклар учун қулай дунёда яшаяпмиз? Маълумотларга асосланган тенгсизлик») асарини кўчириб ўқияпман. Аёлларга мослашган ва улар билан ҳисоблашган дунё — мингйилликлар орзуси. Асар муаллифи инсоният (давлатлар ва жамиятлар) аёллар ҳуқуқига доир йўл қўяётган хатоларни, биров пайқамайдиган мисолларни топиб, фактлар асосида таҳлил қилади.

Аниқ биламан, бу китобни ўқиганда эътиқод ва қадриятлар нуқтаи назардан айрим ўринларда аксарият ўзбек китобхонида истеҳзолар, қарши фикрлар пайдо бўлади. Ўзим ҳам бу ҳисларни бошдан ўтказяпман. Бироқ дунё, ундаги тизимлар, ўқишдан то тиббиётгача, ишдан то сиёсатгача, техникадан транспорт тизимигача аёллар учун алоҳида ечимлар талаб қилишини, уларни доим ҳисобга олиш зарурлигини тан олмасдан иложингиз қолмайди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Нубувват хонадони хонимлари» («Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласи, 25-жуз). «Ҳилол нашр» нашриёти. 2022 йил. 456 саҳифа

азиза қурбонова, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Ҳадис ва ҳаёт» туркумидан 25-жузни — «Нубувват хонадони хонимлари» мутолаасини ҳам эркагу аёлга бирдек қаттиқ тавсия қилган бўлардим.

Ҳанс Рослинг. «Factfulness». Asaxiy Books нашриёти. 2022 йил. 340 саҳифа

азиза қурбонова, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Журналистика, социологияга қизиққанлар учун энг фойдали асарлардан бири — Ҳанс Рослингнинг «Factfulness» асарини ҳам ёдга солмоқчиман. Одамлар ёмон, давлатлар ночор, инсоният тараққиётдан ортга кетаётгани ростми? Китоб дунё аслида йилдан йилга ва асрдан асрга биз ўйлаганимиздан яхшироқ ривожланиб бораётгани ҳақида фактларни келтиради ва ўз ўқувчисига хулоса ясашни ўргатади. Сотиб олиш.

Расул Ҳамзатов. «Менинг Доғистоним». «Янги аср авлоди» нашриёти. 2023 йил. 480 саҳифа

азиза қурбонова, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Ватанни тоза туйғулар билан севиш мумкинлиги Расул Ҳамзатовнинг «Менинг Доғистоним»идан ўрганиш мумкин. Мен бу асарни тез-тез ўқиб тураман. «Тоғ орасидаги миллион киши»ни шу асар орқали дунёга танитган муаллифни ўқиб, мен ҳам армон қиламан: ўзбек характерини энг майда деталларига қадар очиб берадиган шундай яхлит бадиий қомусни қачон ва ким ёзаркин? Сотиб олиш.

Ёшларга тавсиялар

Мутолаага энди кириб келадиган ёшлар учун амалий тавсиям: детективдан бошлаш керак! Детектив асарлар энг қайсар одамни ҳам ўзида ушлаб қолади ва тартиб ва иштиёқ билан ўқишга ўргатади. Қўшимча тавсияларим:

  • Абдулла Қодирий. «Меҳробдан чаён» (сотиб олиш);
  • Антон Чехов, Абдулла Қаҳҳор, О’Генри, Уильям Фолкнер ҳикоялари;
  • Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим шеърлари;
  • Ўткир Ҳошимов. «Тушда кечган умрлар», «Икки эшик ораси» (сотиб олиш);
  • Тоғай Мурод. «Отамдан қолган далалар» (сотиб олиш);
  • Эрих Мария Ремарк. «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» (сотиб олиш);
  • Агата Кристи ва Артур Конан Дойл детективлари;
  • Михаил Булгаков. «Уста ва Маргарита» (сотиб олиш);
  • Фёдор Достоевский. «Жиноят ва жазо» (сотиб олиш);
  • Теодор Драйзер. «Америка фожиаси»;
  • Жорж Оруэлл. «1984» (сотиб олиш);
  • Дэниел Киз. «Элжернонга аталган гуллар» (сотиб олиш);
  • Тоҳир Малик. «Жиноятнинг узун йўли»;
  • Марк Мэнсон. «Бепарволикнинг нозик санъати» (сотиб олиш).

Хуллас, ўқишга муносиб буюк асарларлар жуда кўп, мен ҳар ердан топиш мумкин асарларни танладим. Умр қисқа, китоблар эса кўп. Вақт борида ўқийлик.