Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев Туркия раҳбарини президентлик ва парламент сайловлари муваффақиятли ўтгани, натижада мамлакатнинг амалдаги президенти ва Республика альянси кўпчилик овозларни қўлга киритгани билан табриклади.

«Овоз бериш натижалари қардош Туркия халқи президент Режеп Таййип Эрдоған раҳбарлигида амалга оширилаётган сиёсий янгиланишлар ва иқтисодий ислоҳотларни кенг қўллаб-қувватлаётганидан далолат беради», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Туркия муносабатларини стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги мажлиси кун тартибини тайёрлаш бўйича фаол ишларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Туркия бўйлаб сайлов қутиларининг 99,31 фоизидан олинган овозларни санаб чиқиш натижаларига кўра, президентликка номзодлар ўртасидаги овозлар қуйидагича тақсимланди: Режеп Таййип Эрдоған — 49,41 фоиз, унинг асосий рақиби Кемал Қиличдарўғли — 44,96 фоиз, Синан Оган — 5,20 фоиз. Бу натижалар сайловнинг иккинчи тури ўтказилиши кераклигини англатади.