Ўзгидромет хизмати агентлиги иш ҳафтаси давомида — 15−19 май кунлари кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Синоптикларнинг прогнозларига кўра, ҳафта давомида Ўзбекистон ҳудудининг катта қисми Кавказ ҳудудлари устида шаклланган юқори циклон таъсири остида бўлади.

Душанба куни республика бўйича қуруқ ва очиқ об-ҳаво сақланиб туради, фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади, момақалдироқ ҳам бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кундузи +33…+35 даражани ташкил этади.

Иш ҳафтасининг қолган кунларида республика бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. 16 майда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида, 17 майда Бухоро, Навоий, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида ёмғир кучли ёғиши мумкин, айрим жойларда дўл ёғиши мумкин.

Ўзгидромет хабарига кўра, ҳарорат фони қуйидагича бўлади:

  • сешанба куни кечаси +18…+20 даражани, кундузи +31…+33 даражани ташкил этади;
  • чоршанба куни кечаси +13…+18 даража бўлади, кундузи +17…+22 даражагача пасаяди;
  • пайшанба куни кечаси +10…+15 даража бўлади, кундузи +20…+25 даражагача бироз кўтарилади;
  • жума куни кечаси +12…+17 даражани ташкил этади, кундузи +25…+30 даражагача яна бироз кўтарилади.

15−16 май кунлари шимолда ва чўл ҳудудларда, 17 майда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Баъзида 23−25 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. 17−19 май кунлари баъзи жойларда кучли бўлади. Баланд тоғларда (2000 метрдан юқорида) 17−19 май кунлари ёмғир қорга айланиши мумкин.

Тошкент шаҳрида душанба ва сешанба кунлари ёғингарчилик кутилмайди, чоршанба ва пайшанба кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. Шамол чоршанба куни 12−15 м/с гача кучайиши мумкин.

Ҳарорат 15 май куни кундузи +33…+35 даражани, 16 май куни кечаси +18…+20 даражани, кундузи +29…+31 даражани ташкил этади. 17 май куни кечаси +16…+18 даража бўлади, кундузи +20…+22 даражагача пасаяди, 18 май куни кечаси +12…+14 даражагача пасаяди, кундузи +23…+25 даражагача бироз кўтарилади.