Марказий сайлов комиссияси 15 май куни Ўзбекистондаги 5 та сиёсий партияга 9 июлда бўлиб ўтадиган муддатидан аввалги президент сайловида иштирок этишга рухсат берди.

Комиссиянинг навбатдаги мажлисида ХДП, ЎзЛиДеП, «Адолат», Экологик партия ҳамда «Миллий тикланиш» демократик партиясининг муддатидан илгари президент сайловида иштирок этишга ижозат беришни сўраб тақдим қилган ҳужжатлари кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг сўзларига кўра, партиялар томонидан белгиланган муддатда Сайлов кодексининг 63-моддасида кўрсатилган барча ҳужжатлар тақдим этилган. Шундан келиб чиқиб, комиссия аъзолари бир овоздан сайловда иштирок этиш учун ижозат бериш тўғрисидаги қарорларни маъқуллаб овоз берди.

Комиссия аъзоси Суяржон Курбанкулов ҳужжатлар «ўз вақтида, қонун талабларига тўлиқ мос келадиган ва жуда сифатли, ҳеч қандай хато-камчиликларсиз» тайёрланганини билдирди.

Мажлис доирасида сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига сайловда иштирок этишга ижозат берилгани тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда белгиланган намунадаги имзо варақалари бланкалари топширилди. Эндиликда партиялар Ўзбекистондаги барча сайловчилар умумий сонининг камида 1 фоизи имзосини тўплаши керак. Шу билан бирга, битта маъмурий-ҳудудий бирликда (Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) сиёсий партия уларнинг умумий сонининг 8 фоизидан кўп бўлмаган имзо тўплаши мумкин.

Энди сиёсий партиялар 1 июнга қадар МСКга Ўзбекистон президентлигига номзодни рўйхатга олишни сўраб ариза билан мурожаат этиши мумкин.

Сайлов кодексига кўра, сиёсий партия юқори органининг Ўзбекистон президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори, сиёсий партия юқори органи мажлисининг Ўзбекистон президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги, номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими, иш ва яшаш жойи, партиявийлиги кўрсатилган баённомаси, номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози экани тўғрисидаги аризаси, номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари ҳам топширилади.

Маълумот ўрнида, 4 та сиёсий партия президент сайловига ўз номзодларини эълон қилди:

«Миллий тикланиш» партияси эса сайловда ЎзЛиДеПдан кўрсатилган Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.