Фарғона вилояти Бағдод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими ишчи-ходимлари ўз хонадонларига қуёш панеллари ўрнатишга мажбурлангани айтилганди. Бу бўйича Telegram`даги Kainbek каналида мурожаат эълон қилинди. «Газета.uz» ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида тегишли ташкилотлар билан боғланди.

Хабарда барча ходимларга (бошқарув аппарати, бухгалтерия, техник бўлим) 15 майдан яшаб турган хонадонларига қуёш панеллари ўрнатиш шартномалари тузиш ва унинг нусхасини бўлим мудири Шароф Ураимовга топширишлари талаб этилгани, бу туман ҳокимлиги ва бошлиқ топшириғи экани билдирилганди.

Туман ҳокимлиги матбуот котибининг сўзларига кўра, 15 май тонгида туман ҳокими Юсуфжон Хусаинов иштирокида корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ва бошқа масъуллар иштирокида йиғилиш ўтказилган. Мажлисда қуёш панеллари ва сув иситиш мосламаларининг афзалликлари ҳақида сўз борган.

«Ёз ва қиш мавсумларида электр энергиясига бўлган талаб ва эҳтиёжнинг сезиларли даражада ортиши ҳамда юзага келиши мумкин бўлган узилишларнинг олдини олиш мақсадида қуёш панелларини жорий қилиш, корхона-ташкилотларга ўрнатиш, бунинг афзалликлари ҳақида сўз юритилди. „Электросет“ раҳбари ҳам бу бўйича маълумот берди. Лекин бу билан бирор раҳбар ёки ходимга босим ўтказилгани йўқ. Уйига ўрнатиш ва кредит олиш бўйича ҳеч қандай топшириқ бўлмаган. Буни ким шундай талқин қилгани менга ҳам қоронғи. Ҳокимликдан ҳеч қандай топшириқ бўлгани йўқ», — дейилади изоҳда.

Шундан сўнг туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари Шароф Ураимов билан алоқага чиқдик.

«Дастур бўйича қуёш панеллари қўйилиши керак бўлган 8 та боғча ва мактабимиз бор эди. Уларга ҳақиқатан ҳам панеллар қўйилдими, яроқлими-йўқми — шуларни текшириш кераклиги айтилди. Масалан, 33 ва 36-боғчаларга панеллар олиб келиб ташланган, аммо ўрнатилгани йўқ. Шуларни текширинглар, агар бошқа мактаб ва боғчаларда ҳам ҳомий топа олсангиз, қўйсангиз бўлади, дейилган. Шахсий уйингга қўясан, ўзинг оласан, деган топшириқ бўлгани йўқ», — дейди Ураимов.

Унинг таъкидлашича, бўлим котибасига ҳисобчилардан мактабларда бўлаётган жараённи ўрганишни сўраш топширилган, аммо топшириқ нотўғри талқин қилинган.

«Котиба кириб, ҳамма мактабларига ўзлари боғлансин деган, ўзимиз қилар эканмиз, деган тушунча кетган. Секретар хатоси билан бўлган экан бу. Бухгалтер ҳам тушунмасдан, ҳаммага экан бу, деб ёзибди», — дейди бўлим мудири.

Шундан сўнг ҳисобчи ва котибадан «нотўғри маълумот бергани учун» тушунтириш хатлари олиниб, вилоят бошқармасига юборилгани айтилди.

11 май куни Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий объектларда кичик қуёш панеллари ўрнатиш бўйича белгиланган вазифаларни бажаришда жойлардаги мутасаддилар томонидан оқсоқликка йўл қўйилаётгани танқид қилиниб, 9 та туман ва шаҳар ҳокимларига ҳайфсан берилганди.

Аввалроқ Андижон ва Навоий вилоятларида аҳоли қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар тарқалган. Ҳокимликлар жараён «фақат тавсия сифатида» ва «ҳеч бир мажбурловларсиз» кечаётганини билдирган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда уйларга кичик қуёш панелларини ўрнатиш бўйича «Қуёшли хонадон» дастури бошланган. 1 апрелдан дастур доирасида аҳоли томонидан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига 1000 сўмдан субсидия ажратиб келинмоқда.