Ўзбекистонда 2023 йилнинг биринчи чорагида 210 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш ишларини янги поғонага олиб чиқиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.

Қайд этилишича, охирги уч йилда камбағалликни қисқартириш бўйича алоҳида тизим жорий қилиниб, молиявий инструментлар, инфратузилма масалалари ҳал қилинган.

Президентнинг малум қилишича, йил бошида туманлар 5 та тоифага ажратилиб, ҳар бирига шароитига қараб енгилликлар берилган. Ҳар йили оилавий тадбиркорликка 13 триллион сўм кредит ва 1,5 триллион сўм субсидиялар ажратилмоқда. Натижада ўтган йили 1 миллион нафар, 2023 йилнинг биринчи чорагида 210 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилган.

Шунингдек, президент, «учта дафтар» ва Ижтимоий ҳимоя реестри орқали 2 миллион 300 минг муҳтож оилалар, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлганлар моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олинганини қайд этди.