Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан Ўзбекистонда сув танқислигини қурғоқчил ҳудудларнинг қишлоқ хўжалиги тармоғига қандай таъсир кўрсатиши ўрганилди. Бу ҳақда институт ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, ҳозирда Ер юзида қарийб 1,1 миллиард киши турли даражадаги сув танқислигидан азият чекмоқда.

«Келгуси ўн йилликда иқлим ўзгариши ва қўшни мамлакатларда сув истеъмолининг ортиши Ўзбекистонда Амударё ва Сирдарё каби дарёлардан сув олинишини камайтиради. Натижада қурғоқчилик ва чўлланиш жараёни янада кучайиб кетиши ҳамда аҳоли турмуш даражасига жиддий таъсир қилиши мумкин», — дейилади ташкилот ахборотида.

Маълум қилинишича, 2030 йилга бориб мамлакатда 7 миллиард куб метр сув танқислиги кузатилиши ҳамда бунинг оқибатда Ўзбекистон дунёдаги сув танқис бўлган 33 та давлат қаторига тушиб қолиш эҳтимоли мавжуд.

«Бундай шароитда Амударё ва Сирдарё ҳавзалари қуйи оқимида жойлашган ҳудудлардаги энг кўп сув сарфланадиган қишлоқ хўжалиги тармоғи (жами сувнинг 90 фоизи) катта зарар кўради. Шу сабабли Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Жиззах, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида сувни кўп талаб қилувчи экинларни босқичма-босқич сувни кам талаб қиладиган экинларга алмаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ», — дейилади институт матбуот хизмати хабарида.

Тадқиқот давомида сув танқислиги таъсирини юмшатиш мақсадида қурғоқчиликка чидамли экинларнинг сув истеъмоли даражаси ҳам ўрганилган.

«Жумладан, сувни кам талаб қилувчи 1 тонна ковул (каперс) етиштириш учун 500 куб метр, чўл жўхориси (ҳелиcтотричон десерторум, ем-хашак) етиштириш учун 700 куб метр, 1 тонна қўй ва эчки гўштини ишлаб чиқариш учун эса 1500 куб метргача сув сарфланади. Демак, улар сувни юқорида қайд этилган сувни кўп талаб қилувчи экинларга нисбатан 10 баравар кам истеъмол қилади. Шунингдек, мош, ловия, нўхат ва қизил ловия (фасол) каби қурғоқчиликка чидамли дуккакли дон экинларини экиш мақсадга мувофиқ. Ўзбекистонинг суғорилмайдиган чўл ҳудудларида қурғоқчиликка чидамли ва бозорбоп ковул (каперс) етиштириб, унинг экспортини кескин ошириш имкониятлари мавжуд», — дейилади институт ахборотида.

Қайд этилишича, тадқиқот натижасида қурғоқчил ҳудудларда кам сув талаб қилувчи ковул (каперс, озуқабоп ва фармацевтикада фойдаланилади), типчоқ (Фестиcа валесиаcа, ем-хашак учун), қўнғирбош (мятлик, ем-хашак учун), чўл жўхориси (ҳелиcтотричон десерторум, ем-хашак учун) чўл-дашт солянкаси (салсола cоллина, фармацевтикада фойдаланилади), сояли спаржа (фучжу, озуқабоп экин) каби экинларни экиш ва хосил олиш имкониятлари борлиги аниқланган.

Аввалроқ, Европа Иттифоқининг ASK дастури раҳбари Адриан Нил «Газета.uz»га берган интервьюсида 2059 йилга бориб Ўзбекистонда ирмоқлар қисқариши ёки йўқолиб кетиши кутиши мумкинлигини айтган эди. «Умумий хулосага кўра, иқлим ўзгаришининг экинлардан кўра сувга нисбатан таъсири хавотирлироқ. Чунки сувсизлик оқибатида экин ҳам, хосил ҳам бўлмайди. Мазкур тадқиқот натижасидан кўпчилик ёки айримлар хавотирга тушмаслиги, бунга ишонмаслиги мумкин. Лекин бу тадқиқот далилларга асосланган ва келажакда кутилаётган прогнозлар эканини унутмаслик зарур», деганди Адриан Нил.