Ўзбекистонда 2023/2024 ўқув йили учун тест синовлари ўтказиладиган 92 та ёпиқ иншоот танлаб олинди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар бермоқда.

2020 йилдан бери мамлакатда кириш имтиҳонлари коронавирус пандемияси сабабли очиқ ҳавода ўтказиб келинаётганди. Бунда жараён стадион ва боғларда (хиёбонларда) ташкил этилган.

Қайд этилишича, тест синовларини ўтказишга мўлжалланган алоҳида биноларнинг мавжуд эмаслиги сабабли аксарият синовлар таълим муассасалари ўқув биноларида таълим жараёнига халақит қилмаслик учун ҳафтанинг дам олиш (шанба ва якшанба) кунларида ўтказилмоқда.

Жойларда тест синовларини йил давомида ўтказиш учун катта сиғимли биноларни қуришдаги айрим камчиликлар қайд этилиб, уларни бартараф этиш чоралари бўйича таклифлар берилди. Мутасаддиларга оптик сканер ва уларга эҳтиёт қисмлар харид қилишни тезлаштириш топширилди.

2023/2024 ўқув йили учун тест синовлари ўтказиладиган 92 та ёпиқ иншоот танлаб олинди ҳамда уларнинг режа чизмалари тайёрланиб, маҳаллий ҳокимлик ва идоралар билан келишилган ҳолда тасдиқланди.

Тест синовлари ўтказиладиган 15 та умумтаълим фанидан 26 520 та ва қардош (қозоқ, қирғиз, тожик, туркман) тиллардан 2400 та тест топшириғи шакллантирилди ва экспертизадан ўтказилди. Кенг жамоатчилик орасидан тест синовларида гуруҳ назоратчилигига номзод сифатида рўйхатдан ўтган 8956 нафар талабгордан 4000 нафарга яқини саралаб олинди ва улар билан шартномалар расмийлаштирилмоқда.

Маълумот учун, май ойи бошида ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус СOVID-19 тарқалиши соғлиқни сақлаш соҳасида глобал фавқулодда ҳолат мақомини йўқотганини маълум қилганди. Ташкилот йил бошидан бери ковиддан вафот этганлар сони 95 фоизга камайганини билдирган.