Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси апрель ойида ижтимоий тармоқларида мактаб ўқувчиларига бепул берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ичидан таблетка чиққани ҳақидаги хабарлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари якунларини ошкор қилди.

Қайд этилишича, бир гуруҳ шахслар кейтеринг усулида озиқ-овқат таъминотини амалга ошираётган тадбиркорларга нисбатан туҳмат уюштириш орқали уларни обрўсизлантиришни мақсад қилган. Улар 3 та ҳолатда ичига дори воситалари жойлаштирилган бўлка ва пряник маҳсулоти гўёки Элликқалъа ва Беруний туманларидаги таъминотчилар томонидан тарқатилганини ANTIKORRUPSIYA телеграм каналига жойлаштирилишига эришиб, тадбиркорлик субъектларининг ишбилармонлик нуфузига путур етказишган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми «г» банди (Туҳмат, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса) ва 192-моддаси (Рақобатчини обрўсизлантириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши тергови якунига кўра, айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилади, дейилади хабарда.

«Терговга тааллуқли бошқа иш тафсилотлари жиноят ҳолатларини аниқлаш ва фош этишга салбий таъсир қилиши мумкинлиги инобатга олиниб, ошкор этилмайди», — дея таъкидлади Қорақалпоғистон прокуратураси.

Бундан ташқари, кейтеринг усулида озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатишда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш барча масъул идоралар эътиборида ва ушбу соҳада қонунийликни таъминлашнинг барча чоралари кўриб борилиши маълум қилинди.

Маълумот учун, Қорақалпоғистон ва Хоразмда бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат етказиб бериш жараёни президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига кўра 2022 йилнинг февраль ойида бошланди.

Қорақалпоғистон прокуратурасининг қайд этишича, ҳозирда кейтеринг усулида озиқ-овқат маҳсулотларининг белгиланган стандарт талабларига мослигини кундалик кўрикдан ўтказиш бўйича туман (шаҳар) ишчи гуруҳлари ташкил этилган ҳамда 143 мингдан ортиқ ўқувчилар озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланмоқда.