Давлат ташкилотларига бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига Янги йил корпоративини ўтказиш тақиқланди

Бош вазир Абдулла Арипов барча турдаги давлат ташкилотлари ва ҳокимликларга бюджет ва ундан ташқари маблағлар ҳисобидан Янги йил байрами муносабати билан корпоратив йиғилишларни ташкил этиш, байрам дастурхонини ёзиш ҳамда мушакбозлик уюштиришни тақиқлади.

Президент АИ-80 бензинини акциз солиғидан озод қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади

Ўзбекистон президенти АИ-80 бензинини 2023 йил 1 мартига қадар акциз солиғидан озод қилишни назарда тутган қарорни имзолади. Ҳужжатда «Ўзнефтгазинспекция» ва «Ўзэнергоинспекция»га бизнес омбудсман билан келишмасдан тадбиркорлар фаолиятини текширишга рухсат берилмоқда.

Аи-80 бензини нархи 1100 сўмга арзонлашади

13 декабрь, соат 00:00 дан бошлаб, «Ўзбекнефтгаз»га қарашли UNG Petro шохобчаларида Аи-80 бензини нархи 5700 сўмгача тушади. Бу Аи-80 бензинини олиб кириш ва сотишга бўлган акциз солиғининг бекор қилиниши билан боғлиқ.

Халқаро рейтингларга кирган ОТМни тугатган ёш кадрларга 12 млн сўмгача устама берилади

Халқаро рейтингларнинг 500 талик рўйхатига кирган ОТМни тугатган кадрларга 12 млн сўмгача, илмий даража олганларга эса 22,5 млн сўмгача устама берилади. Устамалар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, ёш мутахассис ва унинг иш берувчиси ўртасидаги шартнома асосида ҳар ой тўланади.

Владимир Норов бошчилигидаги делегация АҚШга боради

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 12−14 декабрь кунлари АҚШга ташриф буюради. Стратегик шериклик мулоқотининг иккинчи йиғилишида иштирок этади, Давлат котиби Энтони Блинкен билан музокара ўтказилади.

Москвада автобуслардан ўзбек тилида рус армиясига чақириқлар олиб ташланди

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Москва автобуси салонида ўзбек тилида Россия армияси сафига қўшилиш чақириғи эфирга узатилган лавҳалар пайдо бўлган эди. «Мосгортранс» бундай хабарлар аллақачон эфирдан олиб ташланганини маълум қилди.

Ангрен нефть базасидан 11 500 литр бензин сизиб чиқди

Тошкент вилояти Ангрен нефть базасида 5000 метр куб ҳажмдаги сиғим сифонининг жўмраги ҳаво ҳарорати пасайиши туфайли музлаб, ёрилиб кетди. Оқибатда заводдан 11 500 литр бензин сизиб чиқди. Корхона раҳбари ҳеч кимга жиддий зарар етказилмаганини маълум қилди.

Сурхондарёда газ «заправка»лар фаолиятига вақтинчалик чекловлар ўрнатилди

Сурхондарёда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида автомобилларга газ қўйиш шохобчалари фаолиятига вақтинчалик чекловлар ўрнатилди.

Тошкент — Урганч — Тошкент йўналишида қўшимча поезд қатновлари йўлга қўйилади

Янги йил байрами муносабати билан йўловчиларни ташишни ташкил қилиш мақсадида 18−20−23−25−27−30 декабрь ва 3−6−8−10−13−15 январь кунлари Тошкент — Урганч — Тошкент йўналишида қўшимча 12 та поезд қатнови йўлга қўйилади.

Шавкат Мирзиёев OTP Bank банк бошқарув раиси Шандор Чаньи билан учрашди

12 декабрь куни Ўзбекистон президенти ОTP Bank банк бошқаруви раиси Шандор Чаньини қабул қилди. Давлат раҳбари «Ипотека-банк»ни хусусийлаштириш бўйича битими муваффақиятли якуни ва Европанинг етакчи банк-молия институти Ўзбекистон бозорига кириб келгани билан банк бошқаруви раисини табриклади.

Сурхондарёда электр қармоқ билан ноқонуний балиқ овлаганлар ушланди

Термиз туманида икки фуқаро Учқизил каналидан тақиқланган ов қуроли — электр қармоқ билан балиқ тутгани аниқланди. Оқибатда ҳайвонот дунёсига 45 млн сўм зарар етказилди. Ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Термиз туман судида кўриб чиқилади.

Тошкентдаги «Илхом» театрида ёнғин содир бўлди

Душанба куни эрта тонгда Шайхонтоҳур туманидаги «Илҳом» театрининг 1-қаватидаги кўргазмалар залида ёнғин чиқди. Спектакллар камида икки ҳафтага қолдирилди.

«Ипотека-банк»даги давлат улушининг 75 фоизи ОТP Bank’га сотилди

12 декабрь куни Венгрия ва Ўзбекистон вакиллари иштирокида «Ипотека-банк»ни хусусийлаштириш шартлари битими бўйича олди-сотди шартномасини имзоланди. Битимнинг молиявий якуни 2023 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилиши кутилмоқда.

Андижонда тадбиркор 2 мингта хонадон бир ой ишлатадиган табиий газни ноқонуний сарфлади

Андижонда тадбиркор тегишли ҳужжатларсиз аҳоли учун тортилган табиий газ тармоғига уланиб, яширин оҳак цехи очган. Бу вақтда у 1 млн 642 минг куб табиий газни ноқонуний сарфланган, бу 2 мингта хонадоннинг бир ойлик газига тенг.

Жиззах электр тармоқлари масжидлардан 58,2 млн сўм ортиқча маблағ ундиргани аниқланди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Жиззахда масжидлардан электр энергия учун ортиқча маблағ ундирилганини аниқлади. «Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» 2019−2021 йиллар мобайнида 58 миллион 289 минг сўм нотўғри ҳисоблаган.

Қашқадарёда бир оиланинг уч нафар аъзоси ис газидан вафот этди

Қарши туманида 77 ёшли фуқаро келини ва набираси билан яшаш хонадонида ис газидан заҳарланиб вафот этди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Марказий Осиё давлатлари аёлларга нисбатан зўравонликка қарши ҳамкорликни ривожлантиради

Сенат раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги делегация Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқотининг йиллик йиғилишида қатнашди. Мажлисда қўшни давлатлар аёлларга нисбатан зўравонликка қарши ҳамкорликни ривожлантириш борасида қатор ҳужжатлар қабул қилди.

Шуҳрат Ғаниев: Бу йил 22 млн тоннадан ортиқ мева-сабзавот, 2,7 млн тонна гўшт олишга эришилди

Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевнинг айтишича, 2022 йил қишлоқ хўжалиги ходимлари учун ҳақиқий синов йили бўлди. Бироқ шундай оғир йилда ҳам барча тармоқларда юқори кўрсаткичлар қайд этилди. 22 млн тоннадан ортиқ мева-сабзавот, 2,7 млн тонна гўшт, 3,5 млн тонна пахта олишга эришилди, деди у.

Нукус воқеалари бўйича комиссия Бош прокуратурани очиқликка чақирди

Нукус воқеалари бўйича комиссия Бош прокуратурани жамоатчилик қизиқаётган маълумотларни очиқлашга чақирди. Гап айнан ҳуқуқ-тартибот органлари ортиқча кучларни ишлатгани, инсон ҳуқуқлари бузилгани, қолаверса, неча киши ҳибсда қолаётгани ва қанчаси маъмурий жавобгарликка тортилгани ҳақида кетмоқда.

Ҳафта давомида ҳаво ҳарорати бироз илиқ бўлиши кутилмоқда

Ўзбекистонда ҳафта якунигача ҳаво аста-секин илийди. Ҳарорат кечаси 0 даража, кундузи +7…+10, баъзи жойларда +14 даражагача исийди. Республика бўйлаб баъзи жойларга туман тушиши кутилмоқда.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг экстенсив йўлидан воз кечиши керак» — Япониядаги ўзбек олими Азиз Омонов билан суҳбат

Ер кимларнингдир нафси учун увол қилинмай, ишлайдиган одамга берилиши керак; «чинакам инновациялар» сув танқислиги оқибатларини юмшатади, аммо улар жорий этилмаса, минтақадаги бўлажак аграр муаммолардан энг кўп ўзбекистонликлар азият чекади, деб ҳисоблайди япон университети докторанти Азиз Омонов.

Нима ўқиймиз? Иқтисодчи Отабек Бакиров тавсия қилади

«Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш мақсадида «Нима ўқиймиз?» лойиҳасини давом эттиради. Энг сара асарлар, ўқилиши шарт 10 китоб ҳақида олим, тадқиқотчи, ёзувчи-шоир, таржимон, журналист ва жамоат фаолларининг тавсиясини сизга етказамиз.