Аномал жазирама, сув муаммоси, иқлим ўзгаришлари Ўзбекистонга ҳам бегона эмас. Бутун дунё бошидаги муаммо. Ёзда ҳароратнинг кескин кўтарилиши, чўлланиш, ичимлик сувининг етишмаслиги, ёғингарчиликнинг камаяётгани каби нохуш манзара кўлами йил сайин кенгайиб, хавотирли чақириқлар янграяпти. Бунда энг мақбули илмга суяниб, ҳақиқий чоралар қидириш, олимлар сўзига қулоқ солиш. «Газета.uz» шу мақсадда узоқ йиллардан бери Токиода яшаб, сув ва қишлоқ хўжалиги, экология бўйича таҳсил олган ҳамда тупроқ шўрланишини аниқлашда тадқиқотлар ўтказаётган олим Азиз Омонов билан яқин келажакда фалокатга айланиши мумкин муаммолар ҳақида суҳбатлашди.

Азиз Омонов — Қашқадарё вилоятида туғилган. Тошкент Ирригация ва мелиорация институтини тамомлаган. 2006 йили «Сув хўжалиги менежменти» йўналишида дастлаб Тошкент ирригация ва мелиорация институтини. 2015 йили Токио Қишлоқ хўжалиги ва технология университетининг Халқаро экология ва қишлоқ хўжалиги йўналишида магистрлик даражасини олган. Ҳозирда айни шу университетда Қишлоқ хўжалиги фанлари олий мактаби, қишлоқ хўжалиги ва халқаро экология муҳандислиги бўйича докторант. Халқаро конференциялар, лойиҳа ва дастурлар иштирокчиси.

— Узоқ йиллардан бери сув илми билан бандсиз, тадқиқотлар олиб борасиз. Нега айнан шу йўналиш ва илм учун Японияни танлагансиз?

— Мутахассислигим бўйича 2005−2007 йиллари «Ўзсувтаъмирфойдаланиш» республика бирлашмасида етакчи мутахассис, кейин 2011 йилгача Жанубий Кореянинг Тежон шаҳридаги «Shin-А» ва Кимпо шаҳридаги «Dоwell» компанияларида хорижий инновацион лойиҳа тажриба ўрганувчи, бир неча йиллар ўзимиздаги Агросаноат агентлигининг Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банкининг халқаро лойиҳаларида, «Сув истеъмолчилари уюшмаси» ва халқаро экология бўйича мутахассис ҳамда бўлим бошлиғи лавозимларида ишладим. Шулар қатори Япониянинг қишлоқ хўжалигига кириб келaётган янги лойиҳаларида координатор ҳам бўлдим.

2008 йили Жанубий Кореяда сув хўжалигига доир халқаро конференцияда корейс, япон тажрибаларининг анча илгарилагани, илғорлиги ва муҳими, замон талабларига мослашаётганидан ҳайратланиб, 2013 йили Японияда магистратурамни ўқишга қарор қилдим.

Ният холис экан, ҳужжатларимни Япония томонидан беғараз ёрдам (JDS) дастури бўйича танлаган университетимга топширдим. IELTS ва математика имтиҳонларидан ўтиб, Токио Қишлоқ хўжалиги ва технология университетининг (ТUAT) Халқаро экология ва қишлоқ хўжалиги йўналишида ўқидим. Икки йиллик таҳсил тугагач, JDS дастури талаби бўйича юртга қайтиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат агентлигида иш бошладим.

Тўрт йил агентликда ўрганганларимни қўлладим, Корея ва Япония тажрибасини амалда синадим. Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) иштирокида умумий қиймати 200 млн доллар миқдоридаги «Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири яратишни ривожлантириш» инвестицион лойиҳаси координатори сифатида қишлоқ хўжалигимиз ривожига оз бўлса-да ҳисса қўшганимдан хурсандман. 2020 йилнинг апрелидан ушбу инвестицион лойиҳа амалга оширилиб келинмоқда ва айни дамда лойиҳанинг яна шунча миқдордаги 2-босқич (фазаси) бошланиш арафасида.

— Япония қишлоқ хўжалиги ва ундаги ютуқларни Ўзбекистон билан таққослашим нотўғри. Фарқ ер билан осмонча. Яна у ердаги имконият, шароит ва олим учун зарур муҳитда ҳам гап кўп. Лекин некбинлик барибир яхши-да — илмий ишингизни юртда қолиб ҳам ёзишингиз, тадқиқ этишингиз мумкинмиди?

— Тараққий этган ўлкаларда илмий иш қилишнинг афзаллиги — халқаро тажрибага эга олимлар билан бевосита ҳамкорлик қилиш мумкин. Соҳасининг билимдони бўлмиш хорижий (visiting professor) ва маҳаллий профессорларнинг илғор маълумотлар таҳлили базасини (Data Visualization Analysis) мукаммал билгани ва стратегик тўғри қарорлар қабул қилиши ёш тадқиқотчини руҳлантиради.

Мен ҳам очиғи, бир неча сабаблар туфайли Японияни танлаганман. Давлат ишида ишлаб, илмий тадқиқотга вақт топиш муаммо. Энг ёмони, ишни деб илмий жараёнлардан ортда қоласиз, танлаган услубингиз эскиради ё бошқа тўсиқ-чегара билан ҳаммаси ортга сурилаверади.

Лекин Ўзбекистондаги бирор университет ходими бўлиб, лаборатория ва ундаги жиҳозлар илмий иш талабига жавоб берса, албатта, юртда ҳам тадқиқот қилиш мумкин.

Фото: Азиз Омоновнинг шахсий архивидан

— Қишлоқ хўжалигимиздаги ютуқлар (гарчи ота-бобомиз ер билимдони бўлган эса-да) очиғи, ҳавас қилгулик эмас. Ердан унумли фойдаланмаяпмиз ҳалиям. Олим билан фермер, деҳқоннинг ҳамкорлиги деярли йўқ. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда Хитой кучли ўнталикнинг бошида туради. Ўзининг 1 миллиарддан ортиқ аҳолисини боқиш, таъминлашдан ташқари дунёдаги гуручнинг 23 фоизи шу ерда етиштирилади. Биз эса аксар сабзавот-меваларни импорт қиламиз, экспортимиз ҳам юқори эмас. Қишлоқ хўжалигидаги муаммо ва тизимни янгилай оламизми? Қачон ва қай йўсинда, сизнингча?

— Менимча, бу масала ҳам таълим билан боғлиқ. Тайёрланаётган кадрлар дунё тажрибасини ўрганиб, то амалиётга жорий этгунича ё вақт ўтяпти, ё ўша метод эскириб, ундан-да янгиси ўртага чиқяпти. Замон билан баравар юролмаяпмиз. Бунга билимимиз ҳам етмаётгани бор гап.

Лекин бир жойда депсиниб турибмиз дейишдан йироқман. Ислоҳот бор, бироқ кўзланганидек эмас. Қонунга риоя этиш деган тушунчага негадир панжа ортидан қараймиз. Агар тизимни тубдан ўзгартириш зарур бўлса, у ҳолда Хитой қишлоқ хўжалиги билан таққослаш ҳам нотўғри. Негаки, бу давлат улкан иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятга эга бой мамлакат. Икки давлат ўртасидаги иқтисодий тафовут жуда катта.

Бизда аввало, ер миқдори эгаларига аниқлик киритиш зарур. Бир сотих ерни йўқотганга қатъий жазо белгиланиши, ер унда ишлайдиганга берилиши керак. Қайсидир амалдор ёки тижоратчининг нафси учун увол қилинмасин.

Иккинчидан, фермерларга тўлиқ эркинлик бериш керак. Шунда давлат иштироки чекланиб, фақат солиқ олувчи мақомида тураверади. Ҳокимиятдагилар фермер ерлари (ҳудуд)ларига бориб ёки улар тепасида туриб, тўғридан-тўғри буйруқбозлик қилишни тўхтатса, фермер ҳам бемалол ишлайди. Экин экадими ёки шудгор қиладими, ўзига қўйиб берилсин, 1−2 йил солиқ тўлагач, у ҳам автоматик ҳаракатга тушади, фойда кўриш учун максимал даражада имкон қидиради, изланади, рақобатга дош бериш йўлларини қидиради, чидолмаса, секин четга чиқаверади. Қишлоқ хўжалигида деярли 30−40 фоиз маҳсулот пишиқчилик даврида исроф бўлади. Ҳудудларда асосан уруғчилик, ўсимликлар ҳимояси, тупроқ таҳлили, қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш ва логистика хизматларини ривожлантириш зарур.

Ўзбекистон аграр-иқтисодиётга йўналтирилган давлат бўлса-да, аграр соҳага инновацион билим ва ғояларни олиб киришда жуда суст. Собиқ Иттифоқдан қолган ғояга — қишлоқ хўжалигини экстенсив ривожлантириш орқали кўп маҳсулот етиштиришга эътибор, мана, неча йилки асосий йўналишга айланган. Афсуски, унумдор ер ва сув ресурслари чеклангани учун тобора сони ошаётган аҳоли эҳтиёжини қондира олмаяпмиз. Натижада, сиз айтгандек, бугун ҳам айрим қишлоқ хўжалик маҳсулотларини импорт қилаверамиз (Ўзбекистонда етиштириш имкони бор маҳсулотларни назарда тутяпман).

Агар қишлоқ хўжалигида Нидерландия ёки Хитойдек натижа керак бўлсак, соҳани интенсив ривожлантиришга жиддий эътибор бериш шарт. Бу коррупциясиз шаклланган тизимдаги илмни аграр соҳага жорий этиш дегани.

— Гарчи хавотирли янграса-да, келажакдаги муаммоларга ечим бергувчи олимсиз. Охирги 2−3 йилда ичимлик суви муаммоси, глобал исиш, иқлим ўзгаришлари ҳақида нохуш бонглар янграмоқда. Тўғри, бу хусусида узоқ йиллардан бери гапирилади, бироқ ўтган йилдаги аномал жазирама ва бундан кейинги иқлим муаммолари анча кескинлашганини очиқ-ойдин тан олдик. Ўтган йили «Ўзбекистонда 150 йиллик максимум ҳарорат кузатилди. Бу огоҳлик сигнали бўлиши керак», дейилди. Сиз бунга нима дейсиз? Қурғоқчилик, аномал жазирама, янгидан янги табиат ҳодисалари энди доимий «ҳамроҳ»имизга айланадими?

— Ҳа, шундай! Иқлим ўзгаришлари доим бўлган. Бироқ унинг ўзгариш темпи турлича, баъзан секин, гоҳи тез кузатилган.

Лекин бугунги қурғоқчилик бир давлат ё маълум ҳудуднинг эмас, умумдунёнинг муаммоси. Бу чинакам табиий офат — қарийб 55 млн кишининг турмуши издан чиқиши мумкин. 2050 йилга бориб қурғоқчилик дунёнинг тўртдан уч қисмига таъсир қилиш тахмини бор.

Ўзбекистон ҳам бу балодан бенасиб қолмаган. Ўлкамизнинг 70 фоиз ёки 31,4 млн гектар ери қурғоқчил майдонлардан иборат. Улар табиий шўрланган, кўчма бархан қумлик ва қумликлардан таркиб топган чўл ҳамда иссиқ гармсел шамоллари таъсиридаги ҳудудлардир. Орол денгизи сув сатҳи ресурсларининг қуриши туфайли яна 3 млн гектардан ортиқ майдонда Оролқум пайдо бўлди.

Биргина Оролбўйи минтақасида жойлашган Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида 2000−2018 йиллар давомида 8 млн гектардан ортиқ ер майдонлари турли даражада шўрланди ва 1 млн гектар ер майдонларида эрозия ҳолати кузатилди. Бу ушбу минтақанинг 96 фоиз ҳудудини ташкил этади. Чўлланиш таъсирида ўша ерларда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги қарийб 40−45 фоизга камайиб кетди. Хавотирланарли ҳолат бу!

Ер юзида чўлланиш яралари кучайгани сари бизнинг кам ўрмонли минтақамизда, асосан қумли чўл ҳудудлар мавжудлиги хавфни янаям орттираётгани ёмон. Табиат ўчини олади, дейишгани рост экан.

— Қурғоқчилик сув масаласи билан эгиз муаммо. Ўзбекистонда эсимни танибманки, ичимлик суви танқислиги, ирригациядаги камчиликларга узил-кесил ечим топилганини билмайман. Нима, соҳага оид янгиликлардан бехабармизми, илмимиз етмайдими ёки ўрганишни хоҳламаймизми?

— Тадқиқотларга кўра, яқин 20 йил ичида Ўзбекистонда сувга бўлган талаб сезиларли ошади ва мавжуд сув ресурслари кескин камаяди. Бу эса жорий сув танқислигини беш баробарга оширади. Кейин Ўзбекистон сув танқислиги бўйича қизил ҳудудлар қаторига қўшилади. Жаҳон банки экспертлари тадқиқотларига кўра, 2050 йилга бориб Сирдарё ҳавзасида сув ресурслари 5 фоизга, Амударё ҳавзасида 15 фоизга камайиши кутилмоқда.

Минтақамизнинг асосий сув манбаси — қор ва музликлар. Лекин кўп қисми қор ҳисобига шаклланади. Охирги йиллари юртда кузатилаётган сув танқислиги икки йўналишда: аҳоли эҳтиёжлари учун тоза ичимлик сувининг етарли эмаслиги ва қишлоқ хўжалигини сув ресурслари билан таъминлашда жиддий муаммолар юзага келаётгани туфайли рўй бермоқда.

Ўтган асрнинг 80-йилларида Ўзбекистоннинг бир йиллик сув истеъмоли 64 млрд. куб метр деб ҳисоб-китоб қилинган. Шундан 20 фоизи республика ичидаги дарё ва сойларга, ер ости сув захираларига, 80 фоизи эса қўшни республикалар ҳудудида шаклланган трансчегаравий дарёлардан олинадиган сув миқдорларига тўғри келади. Лекин бу ҳисоб-китоб сувга эҳтиёжнинг 75−80 фоизини ҳам қопламайди. Ваҳоланки, ўтган даврда аҳоли сони қарийб икки бараварга ошди, саноат ривожланди ва умумий эҳтиёжлар яна кўпайди.

Ўзбекистонда 4,3 млн гектар (Марказий Осиёдаги жами суғориладиган ер майдони 7,9 млн гектар, бунда Ўзбекистон улуши қарийб 55 фоиз) суғориладиган экин майдонлари мавжуд. Мамлакатдаги сув ресурсларининг 90 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлатилади. Шу боис, сув ресурслари камайиши бошқа давлатларга нисбатан биз учун кўпдан кўп салбий оқибатлар келтириши аниқроқ. Сув танқислиги қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатса: турмуш даражаси ёмонлашади, экспорт камаяди, инфляция кузатилади, озиқ-овқат нархи ошади, бандликни таъминлашда жиддий муаммолар юзага қалқади.

— Муаммо кўлами сиз айтгандек кенг ва оқибати ёмон бўлса, қандайдир чора кўриш, шундай муаммоларни еча олган давлатлар тажрибасини ўрганиш керакдир?

— Келажакда сув ресурсларини барқарор бошқариш янада мураккаблашади, чунки иқлим ўзгариши, қурғоқчилик сув танқислигининг частотаси ва интенсивлигини ошириши кутилмоқда.

Туман ва қишлоқлардаги истеъдодли ёшларда бу соҳада ўқишга рағбат деярли йўқ. Илмий ва ҳақиқий ишларни қайта тиклаш муҳим. Чинакам инновацион технологияларни (фақат чинакамига) жорий этиш пайти аллақачон келган. Жойларда халқаро инновацион лойиҳалар амалда қўлланяпти, бироқ сувни тежовчи технологиялар: томчилатиб, ёмғирлатиб, тупроқ ўзидан томчилаб ва бошқа усулларда суғориш, ирригация тармоқларида сув йўқотилишини камайтириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қўшимча сув омборларини қуришни ечим сифатида таклиф қиламан.

Хорижий тажрибага мисолни Япониядан келтирай. Бу ерда сувдан оқилона фойдаланиш асрлар бўйи шоли етиштириш сабаб ривожланган. ХVII асрда суғориш ва сув тошқини билан ҳадеб курашмоқдан аҳоли тадбир билан иш юритишга ўтган. Тошқинлар олдини олиш учун катта-катта дарёлар, яна Тоне дарёси бўйлаб катта ҳажмдаги ишлар, кейинчалик Токио ва бошқа йирик шаҳарларда сувга бўлган талабни қондириш учун Канда, Тамагава сув иншоотлари каби маиший сув учун каналлар қурилган.

Японияда сув ресурсларининг асосий режаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • сувдан фойдаланиш ва сув таъминоти вазифалари бўйича сув истеъмоли прогнозларини ўрганиш;
  • сув таъминоти кўрсаткичларига эришиш учун зарур бўлган объектларни қуриш;
  • сув ресурсларини комплекс ривожлантириш ва сувдан мақсадли фойдаланишни йўлга қўйиш.

Ҳукумат эса фойдаланиладиган сувнинг миқдори ва сифатини комплекс бошқариш, ер ости сувларини сақлаш, улардан фойдаланиш ҳамда дарё ҳавзаларини сақлашга жиддий эътибор беради.

Очиғи, Япония ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларини самарали ҳал этолган давлат. Ўлкада иқтисодий ривожланиш сабаб саноат чиқиндилари ва ифлослантирувчи моддалар бир йили меъёридан ошиб, экологик муаммолар шу қадар томир отдики, сув сифати ёмонлашиб, ичадиган сувдан ёқимсиз ҳид кела бошлади. Муаммо шу қадар кенгайиб, Соғлиқни сақлаш ва фаровонлик вазирлиги (ҳозирги Соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазирлиги) ҳаракатга тушади. «Тоза ва чучук сув таъминоти» шиори билан вазирлик сувни тозалашнинг илғор технологиясини жорий этади ва муаммога ечим топади. Бугун Япониянинг ичимлик суви нафақат энг юқори сифатга эга, балки бошқа мамлакатларга нисбатан жуда паст тўловлар билан берилади. Дунёнинг йирик шаҳарлари Нью Йорк, Лондон ёки Сидней билан таққослаганда тўлов анча арзон (1 метр куб сув истеъмоли учун ўртача 185 иена — тахминан 15,400 сўм).

— Сув ҳақида гап кетаркан, хаёлимга шу мавзуга баробар озиқ-овқат хавфсизлиги келади. Етиштираётган, ишлаб чиқараётган, истеъмолчига етказилаётган маҳсулотлар хавфсизлиги, саломатликка таъсири бўйича на илмий иш, на тадқиқот, на бир текшириш олиб борилади. Ёки бўлсаям, кенг омма хабардор эмас. Сиз анчадан бери Япониядасиз. Озиқ-овқат хавфсизлигига бу ўлкада эътибор, кузатув-тадқиқот юқори даражада бўлиши аён. Шу ҳақида сўзлаб бероласизми?

— Озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш учун халқаро мувофиқлаштиришга асосланган кўп қиррали чора-тадбир зарур. Бу озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни барқарор оширишдан ташқари овқатланиш маданиятини яхшилаш, ижтимоий ҳимоя тизимига зарур озиқ-овқат ёрдамини кўрсатиш, чорва моллари ўртасидаги юқумли касалликларга қарши кураш чораларини ҳам ичига олади.

Ечими оддий: озиқ-овқат қиймати занжирини қуриш. Бу кўплаб манфаатдор томонлар, жумладан, фермерлар, уруғчилик, ўғит ва қишлоқ хўжалиги техникаси каби зарур қишлоқ хўжалиги воситаларини етказиб берувчилар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш компаниялари, логистика, транспорт ва тарқатиш, чакана савдо дўконларининг ўзаро ҳамкорлигини талаб этади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қўшилган қиймати, хусусан, маҳсулот сифатини оширади, жозибадор янги маҳсулотларни ишлаб чиқишга, транспорт харажатларини камайтириш ва савдо тармоғини кенгайтиришга туртки беради, сотиш (маркетинг) имкониятларини оширишга кўмаклашади.

— Биз илмий кашфиёт, тадқиқот олиб бориш ва амалга татбиқ этишда нималарда хато қиляпмиз?

— Олий ва ўрта таълим даргоҳларида соҳа (техника, муҳандислик ва қишлоқ хўжалиги)га оид илмий адабиётлар ва китоблар эскирган. Бугун дунё манзараси сизу мен ўйлагандан-да мураккаб, бутунлай бошқа. Биз ривожланган давлатлар ютуқ-тажрибасига маҳлиё бўлиб, мақтаб, «жорий этамиз», «ўрганамиз-ўзлаштирамиз» деймизу, амалиётга қўл силтаб, фақат назарияга ёпишамиз. Бу жуда хунук ва аянчли ҳолат. Муҳандислик институтларида янги адабиёт, илмий мақолаларни кўпайтириш сал бўлса-да, соҳани «қимирлатади». Ёш олим билан профессорнинг ҳамкорлиги зарур. Бири иккинчисини тўлдирса, айни муддао. Кутубхона ва лаборатория олимнинг асосий таянчи. Уларни ёпиб-чеклаш эмас, ресурсларини бойитиш, доимий ишлашини таъминлаш муҳим. Талаба ёки тадқиқотчи истаган вақтида келиб, фойдалансин, ишига алоқадор адабиёт, ускуналар билан бемалол ишлай олсагина натижа бўлади. Унгача «нега орқадамиз, нега ривожланмаймиз?» деб юраверамиз.

Фото: Азиз Омоновнинг шахсий архивидан

— Сиз танлаган соҳада ечилиши зарур (Ўзбекистон мисолида), лекин ҳадеганда эътибор берилмаётган муаммо нима?

— Илмий ишим GIS ва RS (Geographical Information System and Remote Sensing) ёрдамида, Geostatistics моделинг, яъни тупроқ шўрланиши хавфи (Salinity risk assessment) мониторингининг моделини яратишдан иборат.

Тупроқ шўрланиши экологик ва ижтимоий-иқтисодий муаммо. Айниқса, қурғоқчил ва ярим қурғоқчил ҳудудларда сув ресурсларидан нотўғри фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ҳудудларида суғориш ва дренаж тизимларининг етарли даражада йўқлиги сабаб шўрланиш пайдо бўлади. Ўсимликлар ўсишининг пасайиши ва ҳосилдорликнинг камайиши шу муаммонинг ҳосиласи ўзи.

Суғоришдаги исрофгарчилик қайта-қайта танқид қилинишига қарамай, тупроқ деградацияси тенденциясини қайтаришда кам муваффақиятга эришилди. Экологик муаммоларни батафсил кўриб чиқиш ва уларни ечиш бўйича тавсиялар ФАО, ЮНЕСКО, GEF ва UNEP каби халқаро ташкилотлар ҳисоботида ва мустақил тадқиқотларда кўп маълумотлар берилган. Лекин билганимиздан қолмай, ҳамон исрофгарчиликдан тийилмаймиз, ерни эса шўрлатаверамиз.

Тупроқнинг шўрланиши тупроқнинг электр ўтказувчанлигини (ЕC) аниқлайдиган геофизик асбоблар ёрдамида ўлчанади. Бизга эса шўрланишни аниқлаш, башорат қилиш учун янги амалий усул ва воситаларга эҳтиёж бор. Лекин бу воситаларни тез-тез қўллаш кенгроқ ҳудуд ўлчами миқёсида қийин, яна кўп вақт, харажат, куч талаб қилади. Бунинг ўрнига сунъий йўлдош тасвирлари, фазовий ва вақтинчалик маълумотлар туфайли ҳудудий ресурсларни самарали кузатиш мумкин.

Шўрланган ҳудудларда қарор қабул қилишдан аввал инновацион усуллар ва воситаларни амалда қўллаш керак. Билиб-билмай қарор бериш оқибати аянчли бўлади. Бу усуллар тегишли ташкилотлар ва ердан фойдаланишни режалаштириш, суғориш сувини тақсимлаш билан бевосита шуғулланувчи маҳаллий идораларнинг умумий мақсади бўлиши керак.

— Японияда ўрганганларингизни Ўзбекистонга келиб қўллаш ниятингиз борми? Умуман, ортга қайтишдан чўчимайсизми?

— Албатта, қайтаман! Японияда ўрганганларимни ўзимизда синаб кўргим келади. Режаларим кўп. Энг асосийси, халқаро лойиҳалар билан ишлаб, мақбулини олиб кириш ниятим бор.