12 декабрь куни Венгриянинг OTP Bank вакиллари ва Ўзбекистоннинг мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирокида «Ипотека-банк»ни хусусийлаштириш шартлари битими бўйича олди-сотди шартномасини имзоланди, деб хабар берди Молия вазирлиги ахборот хизмати.

Келишувда OTP Bank томонидан банк бошқарув раиси ва бош ижрочи директори Шандор Чаньи ҳамда унинг ўринбосари Ласло Вольф иштирок этди.

Шунингдек, OTP Bank ва Халқаро молия корпорацияси «Ипотека-банк» бўйича келгусида ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

«Биз Ўзбекистонда банк секторини хусусийлаштиришдаги иштирокимизни ажойиб имконият деб биламиз. Узоқ муддатли мақсадимиз ОТP Group’ни Ўзбекистон банк бозоридаги асосий иштирокчисига айлантиришдир. Бу келишув бизга 36 миллион кишилик бозорга киришимизни таъминлайди. Бу харид биз учун янги ва қийин вазифа. Ишончим комилки, биз инновацион маҳсулотларимиз ва хизматларимиз билан Ўзбекистон иқтисодиётининг янада жадал ривожланишига ҳисса қўшишимиз ва OTP Bank акциядорлари учун катта қиймат яратишимиз мумкин», — деди банк бошқарув раиси ва бош ижрочи директори Шандор Чаньи.

Активлар ҳажми бўйича «Ипотека-банк»нинг бозордаги улуши 8,5 фоизни, чакана мижозлар сони эса 1,6 млндан ортиқроқ кишини ташкил этади.

Шунингдек, банк ҳудудий марказлар сифатида фаолият юритаётган 39 та филиали, 193 та мижозларга хизмат кўрсатиш шохобчалари ва муҳим корпоратив мижозлари билан Ўзбекистондаги бешинчи йирик банк ҳисобланади.

Сўнгги уч йилда банк активлари кредит портфелида йилига ўртача 20 фоизни, депозит портфелида эса 24 фоиз ўсишни қайд этди. Сўнгги йилларда банкнинг солиқ тўлашдан кейинги фойдаси (III чорак якуни бўйича 608 млн сўмдан ортиқроқ) ҳам барқарор ўсиб бораётганини кўрсатди.

«Ипотека-банк»нинг иккита кичик шўба корхонаси бор: «Ипотека лизинг"(Ipoteka leasing) молиявий лизинг компанияси ва «Имкон суғурта» суғурта шўба корхонаси. Иккала шўба корхона ҳам битимнинг бир қисмидир. Битимнинг молиявий якуни 2023 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилиши кутилмоқда.

«Маҳаллий бозорга OTP Bank’га ўхшаш йирик халқаро банкнинг кириб келиши рақобатни кучайтиришга, корпоратив бошқарув стандартларини такомиллаштиришга ва банк хизматлари сифатини оширишга ёрдам беради», — деди молия вазири Тимур Ишметов.

Маълумот учун, Венгриянинг «ОТP Bank»и жорий йилнинг апрель ойида Россия-Украина уруши сабаб «Ипотека-банк»нинг хусусийлаштириш бўйича тўловларни бир неча ойга ортга суриш учун мурожаат қилганди.

Россиянинг Украинада олиб бораётган махсус операцияси сабаб «ОТP Bank» 30% зарар кўргани ортидан Венгрия томон ипотека тўловларини бироз муддатга кечиктиришни сўраган.

Бироз муддат ўтиб, октябрь ойининг ўрталарида, банк III чорак якуни бўйича ҳисобот тақдим этди ва томонлар октябрь ойида имзоланган англашув меморандуми орқали банкнинг хусусийлаштириш жараёни қайта тикланганини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 25 июндаги тегишли қарорига мувофиқ, «Ипотека-банк» устав капиталидаги давлат улуши 2022 йилга қадар 50 фоиздан камайтирилиши белгиланганди. Бунда банк Халқаро молия корпорацияси иштирокида хусусийлаштирилиши кўзда тутилган.

2020 йилнинг июлида Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сияртонинг Тошкентга ташрифи чоғида «ОТP Bank» нинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши маълум бўлди. 2021 йилнинг февралида «ОТP Bank» Ўзбекистондаги банклардан бирини хусусийлаштириш жараёнида қатнашиши хабар қилинган эди.

Ўша йилнинг сентябрь ойида Венгриянинг «ОТP Bank» банки «Ипотека-банк» давлат улушининг 75 фоизини сотиб олиши ҳақида Иқтисодий форумда бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилганди.

Шунингдек, вазир шу йилги иккинчи иқтисодий форумда кейинги беш йил давомида Ўзбекистонда давлат улуши бўлган фақатгина битта банк қолиши, ва катта эҳтимол билан унда қанчадир миқдорда муомаладаги акциялар бўлиши мумкин эканини айтиб ўтганди.