Андижонда аҳоли учун тортилган табиий газ тармоғига ноқонуний уланиб, 1 млн 642 минг куб газ ноқонуний сарфланган тадбиркор аниқланди. Бу ҳуқуқ тартибот идоралари ҳамда «Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти филиаллари ходимлари ўтказган рейд тадбирида маълум бўлди. Ҳолат бўйича тафсилотлар «Ўзбекистон 24» каналида эфирга узатилди.

Тадбиркорлик субъекти тегишли ҳужжатларсиз яширин тарзда оҳак цехи ташкил қилган. Шунингдек, юқоридаги жойга ёнма-ён ҳудудда яна 4 та хумдон аниқланди.

Мутахассислар вазиятни ўрганиб, назоратга олди. Аниқланишича, тадбиркор бунинг ортидан давлатга 1 млрд 642 млн сўм миқдорида зарар келтирган.

Етказилган зарар оқибатида 1 млн 642 минг куб газ ноқонуний сарфланган, бу 2 мингта хонадоннинг бир ойлик газига тенг, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат бўйича Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Андижон вилояти бошқармаси суриштирув ўтказяпти.