13 декабрь куни кечаси «Ўзбекнефтгаз»га қарашли UNG Petro ёқилғи қуйиш шохобчаларида Аи-80 бензини нархи 1100 сўмга арзонлашади. Бу ҳақда «Газета.uz» манбаси хабар берди. Буни Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам тасдиқлади.

Хусусан, соат 00:00 дан кейин бензин нархи 6800 сўмдан 5700 сўмгача тушади. Нарх пасайиши Аи-80 бензинини олиб кириш ва сотишга бўлган акциз солиғининг бекор қилиниши билан боғлиқ.

Акциз солиғини икки ойга бекор қилиш режалари ҳақида 7 декабрь куни хабар берилганди. Шу билан бирга, биржа сотувларига қўйилаётган АИ-80 бензинининг кунлик ҳажмини ошириш, нархининг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик, нарх ошиши бошланғич нархнинг 5 фоизидан ортиқ бўлмаслигини таъминлаш ҳам назарда тутилганди.

Аввалроқ, Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев АИ-80 бензини нархи тушиши ҳақида маълум қилганди.