1−2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларни ўрганиш бўйича парламент комиссияси жамоатчиликни хавотирга солаётган маълумотларни очиқлашга чақирди. Бу ҳақда комиссиянинг жума кунги йиғилиши якунлари бўйича эълон қилинган ахборотда қайд этилган. У комиссия раиси — омбудсман Феруза Эшматова бошчилигида бўлиб ўтди.

Мажлисда Бухоро вилоятида бўлиб ўтаётган Нукус воқеалари юзасидан судда иштирок этган комиссия аъзоларининг фикрлари тингланди. Таъкидланишича, суд жараёнларининг очиқ шаклда ўтказилаётгани, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари таҳлил қилинди ва уларнинг комиссия аъзоларига билдирган фикрлари билан солиштирилди.

Аввалроқ, Нукусдаги воқеаларга алоқадорликда гумон қилиниб 516 киши қўлга олингани, воқеалар натижасида расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлгани ва 250 га яқин киши яралангани ҳақида хабар берилганди. Айни пайтда Бухорода давом этаётган суд жараёнида айбланувчилар 22 кишини ташкил қилмоқда. Ўлганлар ва жароҳат олганларнинг исмлари рўйхати ҳозиргача ошкор қилинмади.

Мустақил комиссия аъзолари кенг аҳоли вакилларини хавотирга солаётган ҳолатлар ўрганиб чиқди ва уларга ойдинлик киритилишини сўраб Бош прокуратурага мурожаат қилди.

«Мурожаатда оммавий тартибсизликларни содир бўлишида айбдор сифатида ҳибсга олинган 516 нафар фуқаро, ҳозирда иши судда кўриб чиқилаётган 22 нафар айбланувчи, ёпиқ муассасаларда вақтинча ушлаб турилган бошқа шахслар, маъмурий жавобгарликка тортилганлар, шунингдек, тартибсизликлар вақтида ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар томонидан ортиқча куч-восита ишлатилганлиги ҳамда инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ахборот бериш сўралди», — дейилади хабарда.

«Суд-тергов жараёнлари иштирокчиларига оид якуний статистик ва таҳлилий маълумотлар очиқланиши билан, бу хақда Мустақил комиссия томонидан жамоатчилик хабардор этилади», — дея қўшимча қилинади хабарда.