Ҳафта давомида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати илийди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет матбуот хизмати.

Душанба куни ёғингарчилик кутилмайди, фақат Бухоро, Навоий, Самарқанд вилоятларининг баъзи жойларида бироз қор ёғиши мумкин. Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларининг айрим ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Кундузи ҳаво 0…+3 даражагача исийди, фақат баъзи жойларда манфий ҳарорат сақланиб туради.

Сешанба кунидан бошлаб антициклон таъсири аста-секин камаяди. Совуқ ҳаво массаси нисбатан илиқ ҳаво билан ўрин алмашади. Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва иш ҳафтасининг охирига келиб кечалари совуқ 0 даражагача кучсизлашади.

Кундуз кунлари эса ҳаво +7…+10 даражагача, баъзи жойларда +14 даражагача исийди, бу ҳароратнинг ўртача кўп йиллик қийматларига яқин. Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши кутилмоқда.

12−14 декабрда республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор.