12 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги раёсат мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар қилмоқда «Газета.uz»нинг ушбу мажлисда қатнашган манбаси.

Қайд этилишича, кун тартибидан Янги йил байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш масаласи ҳам ўрин олган.

Раёсатда Бош вазир Абдулла Арипов барча турдаги давлат ташкилотлари ва ҳокимликларга бюджет ва ундан ташқари маблағлар ҳисобидан корпоратив йиғилишларни ташкил этиш, байрам дастурхонини ёзиш ва мушакбозлик уюштириш тақиқлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ собиқ Адлия вазири Русланбек Давлетов коррупцияга айланиб кетаётган эскичилик кўп йиллик қадрият бўлса ҳам, улардан воз кечиш лозимлигини айтганди. Хусусан, у Янги йил байрами арафасида амалдорларга ҳамма совға ташишни бошлаши, Қашқадарёдан тандир, Хоразмдан гуруч келишини таъкидлаганди.