Ўзбекистонда 2022 йилнинг 11 ойи давомида 7,2 млн тонна дон етиштирилиб, шундан, 4,6 млн тоннадан ортиғи эса деҳқон ва фермерлар ихтиёрида қолди. Бу ҳақда 11 декабрь куни «ЎзЭкспомарказ»да ўтказилган ҳосил байрамида бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

У қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан тадбир иштирокчиларини табриклаб, жорий йилда қайд этилган кўрсаткичларга тўхталиб ўтди.

«2022 йил қишлоқ хўжалиги ходимлари учун ҳақиқий синов йили бўлди. Айниқса, бу йилги баҳор ва ёз ойларининг деҳқончилик учун ноқулай келиши деҳқону-фермерларга қатор қийинчиликларни юзага келтирди. Улардан ўз ишларига масъулият билан ёндошишни икки карра оширишни ва фидокорликни талаб этди. Лекин кейинги йилларда аграр соҳада яратилган тизим туфайлигина шундай оғир йилда ҳам барча тармоқларимизда юқори кўрсаткичларга эришилди», — деди у.

Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз туфайли жорий йилда 7,2 млн тонна ҳосил етиштирилди, — деди Шуҳрат Ғаниев. — Шундан давлат ресурсларига 2,6 млн тонна дон харид қилинди ҳамда 4,6 млн тоннадан ортиғи деҳқон ва фермерлар ихтиёрида қолди. Фермерлар ихтиёрига қолдирилган бошоқли донни ўзи хоҳлаган муддатда эркин нархларда сотиш имконияти яратилди".

Унинг қўшимча қилишича, бу йил 22 млн тоннадан ортиқ мева-сабзавот, 3,5 млн тоннадан зиёд пахта, 24 минг тонна пилла, 2,7 млн тонна гўшт ва 11,7 млн тоннадан ортиқ сут, 8,7 млрд дона тухум, 500 минг тонна балиқ маҳсулотлари олишга эришилди.

«Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги, балиқчилик, асаларичилик маҳсулотларини қайта ишлаш, уларни экспорт қилиш бўйича ҳам юқори кўрсаткичларга эришилди. Албатта, буларнинг ҳаммаси деҳқону-фермерларимиз, кластерларимиз, чорвадору-пиллакорларимиз, сувчию-механизаторларимиз, олиму-мутахассисларимизнинг машаққатли меҳнати ва пешона тери эвазига яратилди», — деди бош вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари март ойидаги ноқулай об-ҳаво шароитининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига таъсирини ўрганганди. Таҳлилларга кўра, совуқ ҳаво ва ёғингарчиликлар айрим ҳудудларда мевали боғларнинг куртак новдаларига қисман салбий таъсир кўрсатган. Узумзорлар, эртаки экилган картошка ва сабзавот экинлари зарар кўрмаган.