Ўзбекистон президенти 12 декабрь куни «Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг нархлари кескин ошишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарорга кўра, 2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 мартга қадар импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун, истисно тариқасида, акциз солиғини «ноль» ставкада қўллашга рухсат берилди.

Шунингдек, 2023 йил 1 апрелга қадар Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси («Ўзнефтгазинспекция») ҳамда Электр энергетикада назорат инспекцияси («Ўзэнергоинспекция») томонидан, истисно тариқасида, президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес омбудсман) билан келишмасдан тадбиркорлик субъектларини уларнинг молиявий-иқтисодий фаолиятига аралашмаган ҳолда энергия ресурсларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари бўйича текширишга рухсат берилди.

Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва Электр энергетикада назорат инспекцияси ўтказиладиган текширувлар натижалари бўйича автобензин маҳсулотларининг ортиқча йўқотишларига ва талон-тарожликларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жазо чораларини қўллаш, шунингдек, уларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдимномалар киритиб борилади.

Бу АИ-80 бензинининг чакана нархларини жорий нархларга нисбатан ўртача 8,7 фоизга тушириши кутилмоқда. «Ўзбекистон 24» телеканали лавҳасида қайд этилишича, акциз солиғининг вақтинчалик бекор қилиниши натижасида аҳоли ва тадбиркорлар ихтиёрида 213,7 млрд сўм қолади, яъни давлат бюджети бундан маҳрум бўлади.

Аввалроқ 13 декабрь, соат 00:00 дан бошлаб «Ўзбекнефтгаз»га қарашли UNG Petro шохобчаларида Аи-80 бензини нархи 5700 сўмгача тушиши ҳақида хабар қилинган эди.