Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Жуда кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида янги лойиҳани бошлади. «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — иқтисодчи, жамоатчилик фаоли, Telegram’даги Bakiroo канали муаллифи Отабек Бакиров (лойиҳанинг аввалги меҳмонлари рўйхати билан қуйида танишиш мумкин).

Яқин орада ўқилган китоблардан тавсиялар

Охирги ўқиган учта китобим ҳақида. Уларни нима бирлаштиради? Улар менда аллақачон шаклланиб бўлган фикрларимни қайта кўриб чиқишга таъсир ўтказади.

Tom Burgis. Kleptopia: How dirty money is conquering the world. William Collins нашриёти. 2020 йил, 360 саҳифа


Бу йил давомида ўқиганим ва менга жуда қаттиқ таъсирлантирган адабиётлардан бири Том Бургиснинг «Kleptopia: How Dirty Money Is Conquering the World» — «Клептопия: Ифлос пуллар дунёни қандай забт этмоқда» китоби бўлди.

Илгари, яқин яқинларгача Нурсултон Назарбоевни идеал диктаторлардан ёки, бошқача айтганда, рационал транзитни амалга ошира олган постсовет лидерларидан деб ҳисоблаб келганман. Январь ойида қўшни давлатда бўлиб ўтган воқеалар ҳам фикримни жиддий ўзгартирмаганди.

Назарбоев номи китобда жуда кўп тилга олинади. Гап фақат Назарбоевда эмас, китоб умуман қўшни давлатда ва бутун постсовет маконида «ёввойи капитализм» қандай қурилгани, миллий бойликлар қандай тақсимлангани, олигархлар қандай танлангани ва лавозимлар қандай сотилгани, олий ҳокимият, сиёсий лидерларнинг оиласи, маънавияти бўйича зеҳниятингизда қолип бўлиб қотган штампларни бузиб юборади, шуурингизни қақшатади.

Муаллиф босқичма босқич сизни ифлос сиёсатдан ифлос пуллар дунёсига олиб киради. Ахир ифлос пуллар дунёсига бошқа қайси йўлдан кириб бориш мумкин? Энди сиз сиёсатчиларни эмас, мислсиз бойлик орттирган корчалонларнинг асл қиёфасини кўра бошлайсиз. Мутолаа давомида адашиб ҳам кетасиз: ким кимни топаяпти? Ифлос сиёсатчилар ва ифлос бойлар ифлос пулларними ё ифлос пуллар ифлос сиёсатчи ва ифлос бойларними?

Егор Гайдар. «Гибель империи. Уроки для современной России». РОССПЭН нашриёти. 2006 йил. 439 саҳифа


Россия Украинага бостириб кирганидан кейин кенг дунё жамоатчиликда Россия қачондир империализм ва шовинизмдан қутула оладими ва умуман Россияда империячилик касалига чалинмаган сиёсатчи ё қатламлар борми, деган мунозаралар жуда кўпайди. Масалан, мен ҳурмат қиладиган ва Орзудаги Россияни яратиши мумкин бўлган Алексей Навальнийда империячилик борми? Бор. Ахир «Қрим алмашинадиган бутерброд эмас» чақириғи ёки бўлмаса 2008 йилда Грузияга ҳужум вақтида «гризунларни (русча «кемирувчиларни» — таҳр.) бомбардимон қилиш»га даъватлари ҳали унутилгани йўқ.

Майли, қамоқда қолаётган ва балки тадрижий ўзгаришларни кечираётган Навальнийни қўя турайлик. 1991 йилдан кейинги Россиянинг оталари ўзи қандай эди? Шу саволлар мени Егор Гайдарнинг «Гибель империи» — «Империянинг таназзули» китобини қайта ўқиб чиқишга ундади. Бундан 10 йиллар аввалги мутолаада мен империячилик қарашлари ва ишораларини қидирмагандим. Бу сафар қидириб ўқидим ва топдим.

Китобда «бозор мафкурачиси» бўлган Гайдар совет империясининг қулаши сабабларини бирма бир таҳлил қилади, пропаганда мифларини фош этади, совет салтанати носталгияси билан яшаётганларга ҳукм ўқийди. Лекин зийрак ўқувчи Гайдарнинг антисовет тезислари орасида бошқа, фақат советча эмас, либерал империя қарашлари йўқ эмаслигини илғай олади.

Nassim Taleb. Antifragile: Things That Gain from Disorder. Random House нашриёти. 2012 йил. 544 саҳифа


Нассим Талеб молия дунёсида машҳур ном, лекин кенг китобхонлар учун, айниқса ўзбек китобхонлари учун шу пайтгача нотанишлигича қолмоқда. Талеб тўғрисида гап кетганда, кўпроқ бестселлерга айланган, тушуниш осон ибора, қоида ва мем сўзларга тўла «The Black Swan» — «Қора оққуш» китоби ҳақида сўз очилади.

Лекин Талебни кенг ўқувчилар, молиячи ва банкир бўлмаганлар билан бирга ҳамма учун мўлжалланган яна бир китоби бор, китобни ҳазм қилиш учун икки омил керак — бунинг учун сиз тирик ва ҳаётингизда пул ишлатишда давом этаётган бўлсангиз кифоя. Бу «Antifragile: Things That Gain from Disorder» — «Антимўртлик: Хаосдан қандай манфаат олиш мумкин» китобидир.

Ўзбекларда яхши мақол бор — «ўлдирмайдиган нарса сени кучли қилади». Муаллиф ўз мундарижасини бошдан оёқ шу тезис устида ривожлантиради. Унинг ёзишича, «антимўртликка қарши биринчи қадам бу эҳтимолий йўқотишларни камайтириш ва дадил ҳаракатлардан бошланади. Иҳоталаш ва ҳимояланишдан эмас. Қаттиқ жисмлар кўпинча мўрт бўлади. Антимўртлик бу қаттиқлик эмас, бу эгилувчанлик. Чинни пиёла қаттиқ, лекин мўрт. Одамлар ва жисмлар Антимўрт бўлиб туғилмайди, улар Антимўрт бўлиб шаклланади. Туғилган вақтда оч қолиш сизни ўлдиради, лекин узун ҳаёт давомида вақти вақти билан очлик сизни фақат чиниқтиради. Бир хиллик ва сокинлик эмас, номаълумлик ва инқирозлар барқарорликка етаклайди. Бир кун катта пул топиб, эртасига мижозсиз қоладиган таксистнинг даромадлари эрталабдан кечгача столда ўтирадиган ва доимий даромад оладиган кадр бошлиғидан кўра узоқ муддатли истиқболда ишончлироқдир», дейди муаллиф. Чунки биринчи кризисдаёқ таксист имкониятлар топа олади, у чиниққан, лекин комфорт зонадан чиқмаган кадр бўлими бошлиғи кўчада қолиши ва ҳаммасини йўқотиши эҳтимоли жуда баланд.

Ёшлар (18−30 ёш орасидаги йигит-қизлар) ўқиши тавсия этиладиган 10 китоб

Тавсия этиш мумкин бўлган ва ўқиладиган адабиётлар тинимсиз ўзгариб туради. Бу кайфиятга ва атрофга жудаям боғлиқ. Ҳозирги кайфиятимга қараб кенг оммага тавсия этадиган бадиий адабиётлар ўнталиги қуйидагилар, уларни муҳим ва қизиқлиги бўйича рақамламайман:

  • Абдулҳамид Чўлпон — «Кеча ва кундуз»;
  • Мурод Муҳаммад Дўст — «Лолазор»;
  • Мирзакалон Жўраев — «Мажнун»;
  • Эркин Аъзам — «Шовқин»;
  • Борис Пастернак — «Доктор Живаго»;
  • Михаил Булгаков — «Морфий»;
  • Александр Солженицин — «Гулаг архипелаги»;
  • Габриэл Гарсиа Маркес — «Мустабиднинг кузи»;
  • Альбер Камю — «Вабо»;
  • Теодор Драйзер — «Финансист».