Сурхондарё вилояти Термиз туманида икки фуқаро Учқизил каналидан ноқонуний балиқ овлади, дея хабар бермоқда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати.

Термиз туманидаги Нурафшон маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Учқизил каналидан Жарқўрғон туманида яшовчи фуқаролар Т. Т. ҳамда А. О. тақиқланган усуллар ва ов қуроллари (электр қармоқ) билан балиқ овлаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Улардан шу ернинг ўзида бир дона резина қайиқ, бир дона аккумулятор, қўлбола электр қармоқ ва овланган балиқлар далил сифатида олиб қўйилди.

Айни пайтда «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 35- ва 53-моддалари талабини бузган шахсларга амалдаги қонунчиликка мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳайвонот дунёсига етказилган зарар учун 45 миллион 180 минг сўм жарима чораси қўлланилди.

Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Термиз туман судида кўриб чиқилади.