Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти билан музокаралар ўтказди

Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни Туркманистонга ташриф буюрди. Дастлаб «Ўғузхон» саройида расмий кутиб олиш маросими бўлди. Президентлар тор ва кенгайтирилган доирада музокаралар ўтказди. Шундан сўнг, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида декларацияни имзоланди.

Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевга алабай кучугини совға қилди

Шавкат Мирзиёев Туркманистон Парламентининг юқори палатаси раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди. Унда Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон раҳбарига туркман халқи алоҳида қадрлайдиган алабай зотли кучук совға қилди.

Шавкат Мирзиёевга Туркманистон давлат университетининг фахрий профессори унвони берилди

Шавкат Мирзиёевга Махтамқули номидаги Туркманистон давлат университетининг фахрий профессори унвони берилди. «Ўзбекистонда, Туркманистонда бўлгани каби, таълим-тарбия тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда», — дея таъкидлади президент олийгоҳга ташрифи давомидаги нутқида.

Ҳафта охирида ҳарорат яна пасаяди

Ўзгидрометнинг хабар беришича, шанба куни ҳаво илиқ, ёғингарчиликсиз бўлади. Якшанбадан об-ҳаво булутли бўлиб, баъзи жойларда ёмғир ёғади. Тоғли ҳудудларда ёмғир қорга айланиши эҳтимоли бор.

Термизнинг собиқ ҳокими ва ўринбосарлари давлат ва жамиятга 35,6 млр сўм зарар етказган — Бош прокуратура

Термизнинг собиқ ҳокими ва унинг ўринбосарлари давлат, жамият ва тадбиркорлар манфаатларига 35,6 млрд сўм зарар етказгани маълум қилинди. Бош прокуратура томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида жами 11 нафар шахсга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Пойтахтнинг айрим ҳудудларида сув таъминоти вақтинча тўхтатилади

22 октябрь соат 12:00 дан 23 октябрь соат 24:00 гача Тошкентнинг Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Юнусобод, Миробод, Чилонзор ва Яккасарой туманларида ичимлик суви босими пасаяди ва вақтинча таъминотдан узилади. Маҳаллалар рўйхати.

Театрга ажратилган маблағларнинг 500 млн сўми Маънавият ва маърифат марказига ўтказилди

Тошкент шаҳар ҳокими маҳаллий бюджетдан молиялаштириладиган муассасалар харажатларига ўзгартиришлар киритди. Давлат мусиқали комедия театрига ажратилган маблағлардан 500 млн сўми Маънавият ва маърифат марказининг шаҳар бўлимига ўтказилди.

Сув хўжалиги вазиридан вилоятлар ҳокимларигача: Президент айрим раҳбарларни огоҳлантирди

Президент қарори билан бир қатор амалдорлар огоҳлантирилди. Уларнинг орасида сув хўжалиги вазири, Автомобиль йўллари қўмитаси раиси ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси ҳам бор.

Россия Ўзбекистонга кунгабоқар ёғи ва буғдой етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёрлигини билдирди

Россия қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакат Ўзбекистонга буғдой, кунгабоқар ёғи ва қандолат маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёрлигини маълум қилди.

Бухорода ўз-ўзидан отилиб кетган милтиқ аёлни жароҳатлади

Олот туманида машинадаги қурол ўз-ўзидан отилиб кетиши оқибатида аёл оёғидан жароҳат олди.

Ҳокимларнинг кадастр органлари ишига аралашиши тақиқланди

Президент қарори билан 1 январдан Кадастр агентлигининг ўзи ҳудудий тузилмалар фаолиятини ташкил этади. Ҳудудий бўлимлар, Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) филиалларининг фаолиятига ҳокимлар аралашиши ёки таъсир ўтказиши қатъий тақиқланади.

Тошкент аэропортида Николай II даврига оид олтин тангаларнинг олиб чиқилишига чек қўйилди

Тошкент халқаро аэропортида Николай II давридаги Россия империясининг саккизта олтин тангасини хорижга олиб чиқишга уринишнинг олди олинди, улар учиб кетаётган йўловчилардан бирининг буюмлари орасидан топилди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Тилимизда оғриқ борми?

«Газета.uz» сўровига кўра профессор Бахтиёр Менглиев 21 октябрь санасига бағишланган мақолани тақдим этди. Унда муаллиф бугунги кунга келиб юзага келган муаммолар ҳақида сўз юритган. Унинг фикрича, ўзбек тилини Интернет тилига айлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ташаббус даражасида қолмоқда.

Ўзбек ва хорижий тиллар бўйича луғат ва сўзлашгичларнинг янги авлодини яратиш кечиктириб бўлмас вазифа — президент

Шавкат Мирзиёев 21 октябрь — давлат тили байрами билан ўзбек халқини табриклади. Бу борада ахборот-коммуникация технологияларининг тилини ўзбекчалаштириш, ўзбек ва хорижий тиллар бўйича луғат ҳамда сўзлашгичларнинг янги авлодини яратиш кечиктириб бўлмас вазифадир, дея таъкидлади президент.